Хитойлик сайёҳларнинг Марказий Осиёга қизиқиши ортмоқда
Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси туфайли Марказий Осиё хитойлик сайёҳлар учун жозибадор минтақага айланмоқда. Чин оммавий ахборот воситалари хабар беришича, ушбу мамлакат фуқаролари томонидан банд қилинган авиачипталар сони CОVID пандемиясидан олдинги даражага нисбатан ҳам 120 фоиз ошган.
– Шубҳасиз, Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида йўловчилар оқими йил сайин ошяпти, – дейилган хабарда.
Ўзбекистон ва Қозоғистон каби қулай виза шарти, ноёб маданий тажриба таклиф қилаётган давлатлар хитойлик сайёҳлар орасида айниқса машҳур. Ўсиб бораётган талабга жавобан авиа компаниялар Шанхайдан Олмаота, Бишкек ва Тошкентга янги йўналишлар очмоқда.
Таҳлилчилар фикрича, Марказий Осиёга нисбатан кучайиб бораётган қизиқиш глобал туризм майдонида янги тенденцияга айланиши мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА