Хитойлик инвесторлар иштирокида бизнес-форум
Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилоятида Хитой Халқ Республикасининг Анхой провинцияси, Хефей шаҳри Яохай тумани делегацияси иштирокида бизнес-форум ва B2B учрашувлари ташкил этилди.
Шаҳрисабз халқаро туризм марказида бўлиб ўтган тадбирда Хитойнинг 37 нафар ишбилармон вакиллари ҳамда вилоятнинг 100 дан ортиқ тадбиркори иштирок этди.
Форумда Қашқадарё вилоятининг инвестициявий салоҳияти, табиий ресурслари, саноат ва қишлоқ хўжалиги имкониятлари, хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар тақдимотлар орқали намойиш этилди. Хусусан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, энергетика, ахборот технологиялари, сунъий интеллект ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Қашқадарё вилояти делегацияси томонидан халқаро компанияларга умумий қиймати 6 миллиард долларлик 90 дан ортиқ сармоя лойиҳаси таклиф этилган.
– Бугунги форумдан асосий мақсад вилоят тадбиркорлари ва хитойлик бизнес вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш, инвестицияларни жалб қилиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишдан иборат, – деди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Мирзоҳид Самаров.
Бизнес-форум доирасида ўтказилган B2B музокараларида фармацевтика, соғлиқни сақлаш, қурилиш, ишлаб чиқариш, энергетика, озиқ-овқат ва юқори технологиялар соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
– Қашқадарё вилоятида бизнес юритиш учун қулай инвестиция муҳити шаклланганига гувоҳ бўлдик. Фармацевтика, қурилиш, таълим ва озиқ-овқат саноати йўналишларида ҳамкорлик қилиш учун катта имкониятлар мавжуд. Келгусида маҳаллий тадбиркорлар билан қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва замонавий технологияларни жорий этиш ниятидамиз, – деди Яохай тумани Хинхиангхиан ассоциацияси ижрочи директори Лиао Мери.
Учрашувлар якунлари бўйича қатор ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Шунингдек, Хитой делегацияси аъзолари вилоятдаги йирик саноат корхоналари ва кичик саноат зоналари фаолияти билан ҳам танишди.
Уч кунлик ташриф давомида умумий қиймати 200 миллион долларлик 15 дан ортиқ истиқболли инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири