Хитойга ташриф самарали бўлмоқда
Қашқадарё вилоятида енгил автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкин. Бу ҳақида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Гап шундаки, Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги делегация айни кунларда расмий ташриф билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб, қишлоқ хўжалиги, электротехника, тўқимачилик, қурилиш-пудрат, машинасозлик, озиқ-овқат саноати, энергетика, туризм, олий таълим ва бошқа йўналишларда фаолият кўрсатадиган компаниялар вакиллари билан музокаралар олиб бормоқда ва вилоятдан борган 20 дан зиёд тадбиркорлар хитойлик ишбилармонлар билан ўзаро ҳамкорлик шартномаларини имзоламоқда.

Вилоят раҳбари бошчилигидаги делегация Хитойга ташрифининг иккинчи кунида Хитойдаги “JAC Mators” компанияси фаолияти билан танишиб, ушбу компания ишлаб чиқараётган анъанавий ёки электромобилларни Қарши шаҳрида ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида музокаралар олиб борди.


Ҳозирда вилоятда енгил автомобил ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар кетмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан ҳам вилоят ҳокимлиги учун Қарши шаҳрида анъанавий ёки электрда ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларини ишлаб чиқариш топшириғи берилган.

Компания Хитой авто ишлаб чиқарувчилари орасида ўзига хос нуфузга эга. Компания автомобиллари жаҳоннинг 60 дан ортиқ давлатларида экспорт қилинмоқда. Делегация компания раҳбарияти билан икки томонлама учрашувда мазкур инвестиция лойиҳаси келгусида вилоятнинг ташриф қоғози бўлишини таъкидлади. Яъни, компания раҳбарияти тез орада Қарши шаҳрига келиши кутилмоқда.


Вилоятда энергия тежовчи, бошқаришга қулай ва ақлли машиналарни ишлаб чиқаришни жорий этиш бўйича музокаралар давом эттирилиб, ташриф давомида яна 2 йирик авто ишлаб чиқарувчилар билан музокаралар ўтказиш режалаштирилган.
Делегациянинг Хитойга сафари давом этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА.