Хитой тажрибаси: реал сектор – барқарор тараққиёт омили
Жаҳон иқтисодиётида геосиёсий рақобат, технологик трансформация ва бозор конъюнктураси кескин ўзгариб бораётган шароитда реал секторни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг ҳал қилувчи йўналишига айланмоқда. Бу борада Хитой тажрибаси изчиллиги ва стратегик ёндашуви билан ажралиб туради.
2019 йилда бўлиб ўтган Бутунхитой халқ вакиллари йиғини доирасида Си Цзиньпин “реал сектор билан виждонан ва бутун эътиборни қаратиб шуғулланиш – бизнинг бурчимиз”, дея таъкидлаган эди. Ушбу фикр кейинги йилларда мамлакат иқтисодий сиёсатининг бош тамойилига айланди.
Фуцзянь провинциясида шаклланган “Цзиньцзян тажрибаси” Хитой хусусий иқтисодиёти ривожида муҳим ўрин тутади. Мазкур ёндашувнинг асоси – узоқ муддатли стратегик фикрлаш, ишлаб чиқариш интизоми ва муайян маҳсулот турини чуқур такомиллаштиришдир.

Ўнлаб йиллар давомида маҳаллий тадбиркорлар “бир жуфт пойабзал” ва “бир дона кийим” ишлаб чиқариш сифатини ошириш орқали жаҳон бозорига чиқди. Бу қисқа муддатли фойда эмас, балки саноатни барқарор ривожлантириш йўлини танлаш натижасидир.
Саноат кластерлари, инновацион технологиялар ва экспортбоп маҳсулотлар айнан шу изчил сиёсат самараси ҳисобланади. Бундай ёндашув реал секторни иқтисодиётнинг таянч соҳасига айлантириш имконини берди.
Сўнгги йилларда Xитойда қайта ишлаш саноати барқарор ўсишни намоён этмоқда. Мамлакатнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган 14-беш йиллик ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастури даврида саноатда яратилган қўшилган қиймат ҳажмининг изчил ошиши реал иқтисодиёт давлат тараққиётининг мустаҳкам пойдевори сифатидаги ўрни янада кучайганини кўрсатди.

Таъкидлаш жоизки, Си Цзиньпин қайд этганидек, иқтисодий ривожланиш қайси босқичда бўлишидан қатъи назар, реал сектор мамлакат рақобатбардошлигининг асоси бўлиб қолади. Шу боис 2026-2030 йилларга мўлжалланган 15-беш йиллик ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурида ҳам замонавий индустриал тизимни шакллантириш, ишлаб чиқаришни интеллектуаллаштириш ва экологик модернизацияни жадаллаштириш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Бу ерда эътиборли жиҳат стратегик қарорлар фақат ҳужжатларда қолиб кетмаётгани, балки ҳудудларга ташрифлар, ишлаб чиқариш майдонларидаги амалий таҳлиллар орқали мустаҳкамланаётганидир.
Бугунги кунда Ўзбекистон ҳам саноатни диверсификация қилиш, юқори қўшилган қиймат яратиш ва экспортбоп маҳсулотлар улушини оширишга қаратилган ислоҳотларни изчил амалга оширмоқда. Реал секторни ривожлантириш Янги Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Ўзбекистон – Хитой муносабатлари эса стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Саноат кооперацияси, “яшил” энергетика, машинасозлик, кимё ва тўқимачилик соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хитой инвестициялари иштирокида ташкил этилган корхоналар маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва янги технологияларни жорий этишга хизмат қиляпти.
Хитой тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, саноатни изчил ривожлантириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва технологик модернизацияни бир вақтнинг ўзида амалга ошириш барқарор ўсишни таъминлайди. Бу ёндашув икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос яратади.
Реал секторга таянган тараққиёт модели глобал беқарорлик шароитида ўз самарадорлигини намоён этмоқда. Хитой мисолида стратегик режалаштириш, сиёсий ирода ва ишлаб чиқариш интизоми уйғунлиги иқтисодий барқарорликни таъминлаётганини кўриш мумкин.
Ўзбекистон учун эса мазкур тажриба саноатни модернизация қилиш ва қўшилган қиймат занжирларида юқори поғоналарга кўтарилиш йўлида муҳим амалий аҳамият касб этади. Реал сектордаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик икки давлат иқтисодий муносабатларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Нилуфар Бозорова, ЎзА