"Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон" темир йўли қурилиши фаол босқичга кирди
Қирғизистон транспорт ва коммуникация вазири ўринбосари Олмос Турғунбоев Хитой давлат темир йўл корпорацияси вакиллари билан учрашди. Томонлар "Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон" темир йўли қурилиш босқичларини муҳокама қилишди.
Учрашувда лойиҳа бўйича асосий халқаро ва инвестиция шартномалари аллақачон имзолангани ва барча молиялаштириш масалалари ҳал қилингани таъкидланди. Ҳозирда туннеллар, кўприклар ва бошқа инфратузилма иншоотлари қурилиши давом этмоқда.
Бундан ташқари, икки мамлакат вакиллари лойиҳани амалга оширишда шаффофлик муҳимлигини таъкидладилар ва қурилишни ўз вақтида якунлаш учун биргаликда ишлашни давом эттиришга келишиб олдилар.
Маълумки, ушбу темир йўл минтақадаги энг йирик инфратузилма лойиҳаларидан биридир. Йўналишнинг умумий узунлиги тахминан 480 км ни ташкил этади, шундан 304 км дан ортиғи Қирғизистон ҳудудида. Темирйўл қурилишининг расмий очилиши 2024 йил 27 декабрда уч мамлакат президентлари томонидан амалга оширилди.
С.Раҳимов, ЎзА