Хитой компанияси вакиллари “BioPharma City” фармацевтика кластери имкониятлари билан танишди
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Хитойнинг етакчи инвестиция компанияларидан бири — “Gobi Partners” вакили Чибо Танг билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида мамлакатимизда фармацевтика соҳасини янада ривожлантириш, хорижий инвесторлар учун қулай бизнес муҳитини яратиш ҳамда замонавий биотехнология лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув аввалида хорижий меҳмонга сўнгги йилларда Ўзбекистон фармацевтика тармоғида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, соҳага инвестицияларни жалб этиш борасида яратилаётган ҳуқуқий ва амалий шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, давлат-хусусий шериклик механизмлари ва имтиёзлар инвесторлар учун кенг истиқболлар очаётгани таъкидланди.
Шу билан бирга, тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда барпо этилаётган замонавий “BioPharma City” фармацевтика кластерининг ривожланиш концепцияси тақдим этилди. Кластернинг илмий-тадқиқот марказлари, юқори технологияли ишлаб чиқариш инфратузилмаси ҳамда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш учун мавжуд имкониятлар юқори баҳоланди.

Маълумот учун, “BioPharma City” фармацевтика кластери мамлакатимизда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни ўзаро интеграция қилиш орқали ташкил этилган илғор минтақавий биофармацевтика хаби ҳисобланади. Ушбу мажмуа замонавий биотехнологиялар, дори воситалари ҳамда тиббий буюмларни ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш учун зарур бўлган юқори технологияли инфратузилма ва қулай шароитларни ўзида мужассам этган.
Мулоқот чоғида томонлар илмий тадқиқот ва ишланмалар, илғор биотехнологиялар ҳамда замонавий клиник тадқиқотлар йўналишларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини ҳар томонлама муҳокама қилди. Хусусан, Хитойнинг илғор тажрибаси ва венчур инвестицияларини Ўзбекистоннинг фармацевтика бозорига жалб этиш орқали инновацион лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва белгиланган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА