"Ҳеч нарса абадий эмас” – Пеп Гвардиола “Сити”дан кетишга қарор қилди
Жаҳон футбол оламида катта муҳокамаларга сабаб бўлган янгиликлардан бири — Англиянинг “Манчестер Сити” клуби бош мураббийи Пеп Гвардиоланинг жамоани тарк этишини расман эълон қилгани бўлди. Ушбу қарор нафақат клуб мухлислари, балки бутун футбол жамоатчилиги эътиборини тортди. Пеп Гвардиола 2016-йилдан буён “Манчестер Сити”ни бошқариб келаётган эди.
Ўтган ўн йил давомида у клубни нафақат Англияда, балки бутун Европа миқёсидаги энг кучли жамоалардан бирига айлантирди. Унинг қўл остида “Ман Сити” бир неча бор Англия Премьер-лигасида чемпион бўлди, миллий кубокларни қўлга киритди ҳамда клуб тарихида илк бор UEFA Чемпионлар лигасида ғалаба қозонди.
Шу боис, унинг кетиши клуб тарихида янги босқич бошланиши сифатида баҳоланмоқда. Гвардиоланинг ўзи эса бу қарорини қуйидагича изоҳлади: “Мендан кетиш сабабларини сўраманг. Бунинг ҳеч қандай сабаби йўқ, лекин ичимда биламанки, бу менинг вақтим. Ҳеч нарса абадий эмас. Агар абадий бўлганида, мен бу ерда бўлардим. Манчестер Ситига бўлган туйғуларим, хотираларим ва муҳаббатим абадийлигича қолади”, — деди у хорижий нашрга берган интервьюсида.
Айни пайтда, ёзги трансфер мавсуми яқинлашаётгани сабабли Европа футболида ҳаракатлар кучаймоқда. Йирик клублар таркибни янгилаш, янги мураббийлар билан ишлаш ва келаси мавсум учун режалар тузишни бошлаб юборган. Айниқса, “Манчестер Сити”да Гвардиоладан кейинги давр қандай кечиши, жамоани ким бошқариши ва клуб ўз услубини сақлаб қола оладими — шу каби саволлар ҳозирданоқ асосий муҳокама мавзуларига айланган.
Мунира Ниязимбетова, ЎзА