Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас
Сирдарё вилоятида ҳам 30 ноябрдан 30 декабрга қадар "Меҳр-мурувват ойлиги" эълон қилинган. Мазкур ойлик доирасида вилоятда истиқомат қилувчи ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, ўзгалар парваришига муҳтож фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

Хусусан, Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Маҳмудалиев, сектор раҳбарлари Сирдарё туманида бўлиб, 71-сонли ёрдамчи мактаб-интернатида таълим-тарбия олаётган ўқувчилар, "Мурувват" ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйида даволанаётган хотин-қизлар, "Камолот" маҳалласидаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги ёрдамчи мактаб интернатида айни вақтда 222 нафар имконияти чекланган бола таълим-тарбия олмоқда. Бу болажонларга меҳр кўрсатилиб, байрам совғаси сифатида иссиқ кийим-кечаклар тарқатилди.
Муассасада ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишилиб, масъулларга бино ва иншоотлардаги камчиликлар, ёритиш тизимини яхшилаш чораларини кўриш топшириғи берилди.

“Мурувват уйи”да васийликка олинган 260 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизлар ҳолидан хабар олиниб, уларга ҳам совғалар улашилди.

Сўнг масъуллар "Камолот" маҳалласидаги кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар билан учрашди. Самимий мулоқотда ногиронлиги бор фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш борасида сўз борди. Шунингдек, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, муаммоларини бартараф этиш борасида кўплаб имтиёзлар жорий этилгани таъкидланди.

Хотин-қизларнинг жисмоний имкониятини ҳисобга олган ҳолда касбга йўналтириш, уй шароитида даромад олишларини таъминлаш, тикув машинаси, электр печ ва бошқа зарур анжомлар учун субсидия ажратиладиган бўлди.
18 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизга рўзғор буюмлари ва озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.
Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев (сурат), ЎзА