Ҳеч бир аёл эътибордан четда эмас
Самарқанд вилоятининг 4 миллион 31 минг нафар аҳолисининг 1 миллион 994 минг нафардан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг 1350 нафари бошқарув лавозимларида фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасидаги ходимларнинг 82 фоизи, таълим соҳаси вакилларининг 76 фоизи хотин-қизлардир. Кейинги йилларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат қилаётган аёллар сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Давлат бошқарувида хотин-қизлар иштирокини ошириш мақсадида 2200 нафар фаол хотин-қиз захирага олинган.

Ўтган йили самарқандлик 14 ёшли Афруза Ҳамдамова Италияда ўтказилган шахмат бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон тарихида қизлар ўртасида илк жаҳон чемпионига айланди. Мамлакатимиз хотин-қизлари орасида биринчи жаҳон чемпиони бўлган иштихонлик Нигина Ўктамова эса Осиё ўйинларида бронза медалини қўлга киритиб, жорий йилда Париж шаҳрида ўтказиладиган ёзги олимпиада йўлланмасини қўлга киритди.
Яқинда “Ёш китобхон” танлови республика финал босқичида жомбойлик мактаб ўқувчиси Наргиза Муҳаммадиева ғолиб бўлиб, Президент совғаси «Cobalt» автомобили билан тақдирланди.
Куни кеча давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, самарқандлик икки нафар истеъдодли қиз – Самарқанд шаҳридаги 51-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси, бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Вилана Савадян ҳамда Тойлоқ тумани “Қўшчинор” газетаси мухбири Наргиза Юнусова Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди.
– Вилоятимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда, – дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмонова. – Шу билан бирга кейинги пайтда давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётган хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ишлар самарасида вилоятимиз хотин-қизлари нафақат оилада, балки жамиятда ҳам ўз муносиб ўрнини топмоқда, уларнинг фаолиги ошяпти.Кўпчилик хотин-қизларнинг ҳаётдан розилиги, тинч ва фаровон ҳаёт кечириши асосан оилада ўз ўрнини топишида деб билади. Тўғри, бу фикрда ҳам жон бор. Лекин аёллар фақат оила, рўзғор ташвишлари билан ўралашиб қолмасдан, жамиятда ҳам фаол иштирок этиши, меҳнат қилиб, оиласи фаровонлигига ҳисса қўшиши лозим. Айни шу мақсадда ўтган йил вилоятимиз бўйича 98,5 минг нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлигини таъминлашга эришдик. Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 28,3 минг нафар опа-сингилимизга 456 миллиард сўмдан ортиқ кредит ажратилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21 сентябрдаги “Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ўтган йил вилоятдаги 628 маҳалада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ташкил этилди. Бу марказлар фаолият бошлаши билан 2900 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, 2500 нафардан ортиқ бека касб-ҳунарга ўқитилди.
Хотин-қизларни ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларни қўллаб-қувватлашда “Аёллар дафтари” тизимининг аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Биргина 2023 йилда вилоятда “Аёллар дафтари”нинг 4-босқичига киритилган 108 минг 500 дан ортиқ аёлнинг деярли барчасининг муаммолари ҳал этилди.
Хусусан, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган 33758 нафар хотин-қизга 22,2 миллиард сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди, 3510 нафар аёлнинг уй-жойини таъмирлаш учун 5,3 миллиард сўм маблағ сарфланди. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек тезкор тиббий муолажага муҳтож бўлган 23 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизга 16,1 миллиард сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилди. Қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди бор 12 мингга яқин хотин-қизга ҳам моддий ёрдам берилди.
Олий ўқув юртида таҳсил олаётган 33 нафар хотин-қиз ва “Аёллар дафтари”даги оналарнинг 2 нафар фарзандига шартнома тўлови тўланди. Бундан ташқари, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг таълим олишга бўлган қизиқишларини рағбатлантириш ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, билим олишлари учун имкониятлар яратиш мақсадида ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёллар учун Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 585-сонли қарори талабидан келиб чиқиб, 150 нафар қизнинг олий ўқув юртида ўқиши учун шартнома пули вилоят ҳокимлиги томонидан тўлаб берилди. Бу ҳам қизларимиз учун жуда катта имконият бўлди.
– Амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга қарамасдан хотин-қизлар билан боғлиқ оғриқли масалаларимиз ҳам йўқ эмас, – дея сўзида давом этади З.Раҳмонова. – Масалан, ўтган йил 2493 нафар ёлғиз она қайд этилди, оилавий ажримлар 2022 йилга нисбатан 300 тага камайган бўлса-да умумий сони 4600 дан ортиқни ташкил этди. 1 миллион 35 мингдан ортиқ фертиль ёшидаги аёлнинг 206 минг нафарида фарзанд кўришга монелик бор. 848 нафар хотин-қиз томонидан 773 та жиноят содир этилган. 862 нафар опа-синглимиз ички ишлар органларида профилактик ҳисобда туради. 2023 йилда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 2232 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Албатта, бу қатлам билан ишлаш осон эмас, аммо вазифамиз шуни тақозо этади, ҳар бир аёлнинг муаммоси, масаласини ўзимизники, деб қараймиз.
Бу аёллар билан кўпроқ ишлашимизга тўғри келади. Уларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этмасак, жамиятда ўз ўринларини топиб олишига кўмаклашмасак, бу эртага яна ҳам оғир масалаларни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай турларидан ҳимоя қилиш, оилавий ажримларни камайтириш мақсадида “Оқила аёллар ҳаракати” аъзолари ва маҳаллалардаги фаол аёлларни жалб қилган ҳолда мунтазам тарғибот ишларини олиб боряпмиз. Муаммоли оилалар билан индивидал тартибда ишлаяпмиз. Биринчи навбатда, бу оилалар бекаларига психологик ёрдам кўрсатилмоқда, уларнинг саломатлиги билан боғлиқ, шунингдек, ижтимоий муаммолари ҳал этиляпти. Шунингдек, улар маҳалладаги тадбирларга жалб этилиб, доимо давлатимизнинг, маҳалланинг эътиборида эканлигини ҳис қилмоқда.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири