Хайрли ташаббуснинг амалдаги самараси
Андижонда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 6 миллион 305 минг тупдан зиёд кўчат ва қаламчалар экилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 2 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакатимизда кўчат экиш, яшил ҳудудларни барпо этиш юзасидан қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Ана шундан келиб чиқиб «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Андижон вилоятида амалга ошириладиган ишлар юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, амалий ишлар олиб борилмоқда. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон шаҳар ҳудудига манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экиб, мазкур лойиҳага ўз ҳиссаларини қўшди.
[gallery-5063]
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, вилоят бўйича «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йилнинг куз ҳамда 2020 йилнинг баҳор фаслида 15 миллион 416 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ва қаламчалар экилиши режалаштирилган. Шундан 5 миллион 781 минг тупи ноябрь-декабрь ойларида, 9 миллион 635 минг тупи эса келгуси йил баҳорида экилади.
Вилоятда ҳозирга қадар жами 6 миллион 305 минг 100 туп кўчат ва қаламчалар экилиб, белгиланган режа 109,1 фоизга бажарилди. Экилган мевали, манзарали дарахт кўчат ва қаламчаларнинг 2 миллион 358 минг тупдан зиёди маҳалла ҳудудлари, кўча ва хонадонларга ўтказилди.
Андижонда «Яшил макон» лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари давом этмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА