Хайрли ишга барча камарбаста
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик тўйи олдидан “Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ўтказилаётган умумхалқ ҳайрия ҳашари Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида уюшқоқлик билан бўлиб ўтмоқда.
Умумхалқ хайрия ҳашарида вилоят аҳолиси фаол иштирок этиб, ўзлари яшаётган маҳаллалар, меҳнат қилаётган жамоа, таълим олаётган муассаса ҳудудларни, болалар майдончалари, кўчалар, ҳиёбонлар, ариқ ва қабристонларни тозалаш, умуман, катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишларини амалга оширмоқда.
Хайрия ҳашари вилоятнинг ҳар бир гўшасини озода ва орасталигини, покиза ва ободлигини таъминлаш, халқимизнинг кексалар, етим-есирлар ва ногиронларга меҳр-мурувват кўрсатишдек азалий қадриятлари давомийлигининг ёрқин намунаси бўлмоқда.
Ҳашар доирасидаги ободонлаштириш ишларида 780 минг нафарга яқин кишининг қатнашиши, улардан 500 минг нафардан ортиғини ёшлар ташкил этиши кўзда тутилган.
– Мустақиллик байрами олдидан маҳаллалар, шаҳар ва қишлоқларда кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида ташкил этилган умумхалқ ҳайрия ҳашари вилоятимизда уюшқоқлик билан ўтмоқда, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Нишонов. – Ҳашар доирасида кенг кўламли ободонлаштиририш ишлари амалга оширилади, зиёратгоҳ ва қабристонлар тозаланади, вилоятдаги эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилади. Шунингдек, ногирон, ёлғиз яшовчи кексаларларга моддий ёрдам кўрсатилади.
[gallery-3518]
Ўтаётган ҳашарда, умуман, юртимизнинг ҳар бир гўшаси, ҳар бир кўча ва маҳалласини, қўйингки, ҳар бир хонадонни обод қилишдек эзгу ҳаракатда вилоят аҳолиси фаол иштирок этмоқда.
– Ҳашар халқимизнинг қадим ва ўзига хос қадриятларидан биридир, – дейди Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдураҳмон Алимов. – Шу боис ҳам ушбу тадбирда барча юртдошларимиз қатори жамоамиз ишчи-ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Хайрия ҳашарида мустақиллик байрами тантаналарига муносиб ҳозирлик кўриш, юртдошларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик, меҳр-мурувватга муҳтож кишиларга кўмак бериш, юртни обод қилишдек эзгу саъй-ҳаракатлар ўз ифодасини топмоқда.
Вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, ўтказилаётган ҳашар давомида 623 гектардан зиёд ер майдонининг ободонлаштирилиши, 856 километрга яқин ариқ ва лотоклар тозаланиши, 1 минг 868 тоннага яқин чиқинди чиқариб ташланиши, бу ишларни бажариш учун 600 дан зиёд техника воситалари жалб этилиши белгиланган. Бундан ташқари, 765 зиёратгоҳ ва қабристон тозаланади, 800 мингдан ортиқ дарахтга шакл берилиб, вилоят бўйича 242 оиланинг 4 минг 819 квадрат метр ҳажмдаги уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирлаб берилиши режалаштирилган.
Хайрия ҳашари вилоятнинг барча ҳудудларида уюшқоқлик ва аҳолининг фаол иштирокида ўтказилмоқда.
– Нафақат кўча ва гузарларимиз, балки маҳалламиздаги “Бўталоқ ҳожи”, “Бобоқул ота” қабристонларини тозалаш, ободонлаштириш ишларида ёшу кекса фаол қатнашмоқда, – дейди Булоқбоши туманидаги Буюк Турон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдурасул Хайдаров – Аждодларимиз мангу қўним топган, тириклар учун ибрат маскани бўлган қабристонларни ободонлаштириш энг хайрли ва савобли ишлардан бири, қолаверса, ҳар бир кишининг инсонийлик бурчидир.
Бир сўз билан айтганда, ҳашар юртдошларимизни Ватан равнақи учун фидойи бўлишга, уни янада обод этиш иштиёқи билан яшашга, шу билан бирга, халқимиз руҳиятини кўтаришга, миллий қадриятларимизни улуғлашга, юртимиздаги ахиллик, меҳр-оқибат, тинчлик учун шукроналик туйғуларини мустаҳкамлашга ҳамда Мустақиллик байрамини муносиб кутиб олишга хизмат қилади.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,
Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА