Хавфсиз меҳнат – барқарор тараққиёт кафолати
Бухоро давлат университетида ходимлар учун хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, шунингдек, қонунчиликдаги янгиликлар билан таништириш мақсадида семинар-тренинг ташкил этилди. Ушбу тадбир меҳнат муҳофазаси маданиятини юксалтириш, иш жойларида хавфсизликни таъминлаш ва ходимлар саломатлигини асраш борасида муҳим аҳамият касб этди.
Тадбирда факультет деканлари, кафедра мудирлари, тюторлар ҳамда бўлим масъуллари фаол иштирок этиб, долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди. Семинар давомида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасига оид айрим низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти, шунингдек, меҳнат қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришлар атрофлича тушунтирилди.

Фуқаро ва меҳнат муҳофазаси сектори муҳандиси Ф.Болтаев ўз маърузасида университетда мазкур йўналишда амалга оширилаётган тизимли ишлар, профилактик чора-тадбирлар ҳамда хавфсизлик талабларига риоя этиш борасидаги амалий ишлар ҳақида маълумот берди.


Бундай семинар-тренинглар нафақат қонунчилик янгиликларини ўрганиш, балки хавфсиз меҳнат маданиятини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, хавфсиз ва соғлом меҳнат муҳити ҳар қандай ташкилотнинг барқарор ривожланиши ва самарали фаолиятининг асосий гаровидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.