Хавфли чиқиндиларни бошқариш самарадорлиги оширилади
Экологияни асраш бутун дунёда актуал вазифа. Мамлакатимизда бу борада ҳам зарур чоралар кўрилмоқда.
“Хавфли чиқиндиларни бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. 2026 йил 3 августда қабул қилинган қарорга кўра, 2027 йил 1 январдан хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи ташкилотлар (хавфли чиқиндиларнинг эгалари бўлган юридик шахслар) Экологик экспертиза хулосасига мувофиқ хавфли чиқиндиларни бошқариш бўйича йиллик режаларни ишлаб чиқади ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги (Агентлик)нинг ҳудудий бошқармалари билан келишади.
Йиллик режаларда қуйидаги кўрсаткичларни назарда тутади:
Хавфли чиқиндилар ҳосил бўлиш ҳажмини камайтириш;
Хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш улушини ошириш, уларни хавфсиз жойлаштириш;
Хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш ёки кўмишга тегишли ваколат, инфратузилма ҳамда экологик экспертизанинг ижобий хулосасига эга бўлган ихтисослашган ташкилотларга қайта ишлаш ёки кўмиш учун топшириш.
Барча фойдаланишдан чиқарилган хавфли чиқиндилар сақланаётган (жойлаштирилган) махсус иншоотлар ва очиқ майдонлар (махсус объектлар) уларни экологик қайта тиклаш учун зарур бўлган маблағлар билан биргаликда бепул асосда Агентликка ўтказилади.
2026 йил 1 октябрдан хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи ташкилотлар статистика ҳисоботлари йил якунига кўра шакллантириб борилади.
Шербек Исломов,
ЎзА