Ҳавасдан бошланган ғолиблик йўли
Жасорат тимсоли бўлган пара-спортчиларимиз ҳаёт йўлидаги ҳар машаққатни енгиб, нафақат Ўзбекистон байроғини халқаро мусобақаларда сарбаланд тутмоқда, балки жамиятда соғлом турмуш тарзининг оммалашувига беқиёс ҳисса қўшмоқда ҳам. Ана шундай спортчиларимиздан бири Токиода ўтказилаётган паралимпия ўйинлари ғолибаси наманганлик Нозимахон Қаюмовадир.
XVI ёзги паралимпия ўйинларида аёллар ўртасида пара енгил атлетиканинг найза улоқтириш турида F13 классида Нозимахон Қаюмова 42.59 метр натижа билан олтин медални қўлга киритди. Унинг ғалабаси шарафига олис Японияда Ўзбекистон мадҳияси янгради.
Нозимахон Қаюмова 1992 йилда туғилган. 10 ёшидан енгил атлетика билан шуғулланади. 2016 йилги Рио паралимпиадаси ғолибаси, унда найза улоқтириш бўйича 44,58 метр натижа қайд этиб, жаҳон рекордини янгилашга эришган. Осиё чемпиони. 2017 йил Лондонда ўтган жаҳон чемпионатининг кумуш медаль соҳибаси. 2019 йил 7-15 ноябрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида пара атлетика бўйича жаҳон чемпионатида бронза медалига сазовор бўлган.
Шу кунларда Токиода бўлиб турган Нозимахон Қаюмова билан телефон орқали боғланиб суҳбатлашдик.

— Нозимахон, авваламбор сизни Токио паралимпиадасининг олтин медали билан табриклаймиз. Мусобақалар қандай ўтди?
— Анча кучли ҳаяжон бўлди, чунки рақибларим рейтинг бўйича мендан юқорида турганди. Шу боис бироз чўчидим, Оллоҳга шукр, ғалаба менга насиб қилди. Ватан шарафини ҳимоя қилганимдан жуда-жуда хурсандман. Бундай пайтларда спортчининг бутун ҳаёлида фақат юрт байроғини баланд кўтаришга бўлган ишончи ва иштиёқ бўлади. Айниқса, мадҳиямизнинг янграшини жуда истагандим. Шунга қараб курашдим. Ютуғим сабаб Ўзбекистон мадҳияси дунёнинг энг нуфузли мусобақасида янграганидан бағоят хурсандман.
— Ҳаётда инсон учун жисмоний ногиронлик оғирми ёки маънавий?
— Ёшлигимда бошимга темир нарвон тушиб кетганлиги сабабли кўриш қобилиятим пасайган. Бошида чап кўзим хира кўрарди, ҳозирги кунга келиб ўнг кўзимга ҳам таъсир кўрсатяпти. Мен паралимпиадада F13 класси бўйича хира кўрувчилар группасида қатнашаман.
Саволингизга келсак, жисмоний ногиронлик бу маълум даражада бошқаларга нисбатан қайсидир жиҳатдан имкониятнинг чекланиши. Эътибор беринг, имкониятнинг чекланиши! Бу имконият умуман йўқ, дегани эмас. Тинимсиз меҳнат, машғулотлар туфайли биз ўзимиз истаган натижага эриша оламиз. Маънавий ногиронлик эса - бу фожиа! Бундай инсонлар жамиятнинг зараркунандаси, одамларнинг яшашига халақит берувчи, ҳаётини янада қийинлаштирувчи тоифа, деб ҳисоблайман.
— Енгил атлетика билан шуғулланишни неча ёшингиздан бошлагансиз?
— Эсимни таниганимдан бери ушбу спорт тури билан шуғулланаман. Акам Баҳодир ва опам Гулнозанинг ортидан югуриб, спортчи бўлганман. Улар енгил атлетика билан шуғулланишарди. Оддий ҳавасдан бошланган машғулотлар кейинчалик бутун бир ҳаёт тарзимга айланди. Ҳозир енгил атлетикасиз ўтаётган кунимни тасаввур қилолмайман. Бунда биринчи мураббийим Равшан Ҳакимовнинг хизматлари беқиёслигини таъкидлашим керак. Тўғри, қийинчиликлар бўлган, спортни ташлайман, деган пайтларимда устозим, ота-онам доимо далда берарди. Кези келганда яхши гапиришган, “қулоқсизлик” қилганларимда койиб беришган.
— Токио паралимпия ўйинларига сизни қайси мураббийлар тайёрлади?
— Тажрибали енгил атлетика тренерлари Елена Свечникова ва Сардор Абдуҳолиқов кўрсатмалари асосида шуғулланиб, уларнинг тажрибалари туфайли шу даражага эришдим.
— Спортчи хотин-қизларга яратилаётган шароитлар кўнгилдагидекми?
— Менимча, нолисак, ношукурлик бўлади. Барчаси аъло. Етарли тарзда қулайликлар яратилган. Биз спортчилар бундай эътибор учун мусобақаларда ғолиб чиқиб, Ватанимиз байроғини янада юксалтиришни ҳам қарз, ҳам фарз, деб ҳисоблайман. Шу ўринда мени, оиламизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган Наманган вилояти ҳокимлигига ўз миннатдорчилигимни билдираман.
— Наманганнинг Чуст туманидан экансиз. Қайси мактабда ўқигансиз?
— 6 синфгача Чустдаги 3-ўрта мактабда ўқиганман. Ундан сўнг Тошкентдаги Республика олимпия заҳиралари мактаб-интернатида ўқиш ва машғулотларимни давом эттирганман.
— Фарзандли экансиз. Машғулотларда қийналмайсизми?
— Қийинчиликсиз, меҳнатсиз бирор нарсага эришиб бўладими? Албатта, ўзига яраша ноқулайликлар бор. Аммо турмуш ўртоғим Хуршиджон Бойматов, дадам Нўмонжон Шоқосимов ва онам Майрамби Қаюмова доимо машғулот ва мусобақалар пайти ўғлим Иброҳимжонга қарашади, ўқув-йиғинларни, чемпионатларни кўнгилдагидек ўтказишимга далда ва кўмак бериб туради.
- Шу пайтгача ўтказилган мусобақаларингизнинг энг қийини қайси бири бўлган?
- 2014 йилдан бери халқаро мусобақаларда қатнашиб келаётган бўлсам, энг қийини ва оғири 2019 йил Дубайдаги жаҳон чемпионати мен учун қийин кечди. Бир жиҳатдан у ернинг об-ҳавоси, кейин халқаро мусобақаларда анчадан бери қатнашмаганлигим боис худдики спорт майдони менга “бегонадек” туйилди. Яхшиям, мураббийларим зарур кўрсатмаларни айтиб, ҳаракатимни назорат қилди.
— Ёшларга тилакларингиз?
— Спорт билан астойдил шуғулланган, мақсади сари тинимсиз изланган, меҳнат қилган инсон ҳамиша омадли бўлар экан.
— Машғулотдан бўш пайтларингизда нималар билан шуғулланасиз?
— Олдинлари бўш қолдим дегунча китобга ёпишардим. Ҳозир эса бундай пайтнинг ўзи йўқ. Машғулот, уй, фарзанд тарбияси. Куннинг қандай тезкорликда ўтаётганлигини сезмай ҳам қолаяпман.
— Режаларингиз?
— Токиодаги мусобақа жараёнида қўлимдан жароҳат олдим. Соғлиғимни тиклаб олганимдан кейин яна машғулотларни кучайтириш ниятидаман. Ўзбекистонга қайтгач оиламга кўпроқ вақт ажратишга ҳаракат қиламан. Фарзандимни, яқинларимни, Ўзбекистонни жуда соғинганман. Бу ютуқлар билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Мамлакатимиз шаънини халқаро спорт майдонларида муносиб ҳимоя қилиш йўлида яна машғулотларга киришаман.
ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.