Хаста кўнгилларга меҳр улашиб...
Юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор оила фарзандларини тиббий-ижтимоий ва манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2021 йил 4 октябрда Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилган эди. Жорий йил ушбу санага 3 йил тўлди.
Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил топганлигининг 3 йиллиги ҳамда мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муносабати билан “Ватан – болажонлар нигоҳида” танлови ўтказилди. Бугун мазкур танлов ғолибларини тақдирлаш маросимига бағишланган ижтимоий хайрия тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси, Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Мавлуда Хўжаева Фонднинг ўтган давр мобайнидаги фаолиятига тўхталар экан, 10 мингдан ортиқ болажонларга турли йўналишларда тиббий-ижтимоий, психологик ва манзилли ёрдамлар кўрсатилгани, 110 дан ортиқ болалар хорижда даволанганини қайд этди.
Шунингдек, 2000 нафар болага маҳаллий шифокорлар иштирокида операция амалиётлари ўтказилди. 220 нафар болага ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, турли ёрдамлар кўрсатилди. 1 минг 305 нафар боланинг таълим олиши учун зарур адабиётлар, техник асбоб-ускуналар, ўқув қуроллари харид қилинди. 33 нафар бола касб-ҳунарга ўқитилиб, ўзини-ўзи банд қилиши учун зарур асбоб-ускуналар олиб берилди. Вилоятдаги мутахассислар учун мингга яқин маҳорат дарслари ўтказилди. Туркиянинг юқори малакали ортопедлар гуруҳининг ташрифи давомида 470 нафар бемор болалар тиббий-кўрикдан ўтказилди ҳамда 25 нафарига туғма сколиоз ташхиси асосида ва 40 нафарига республика даражасида қилиб бўлмайдиган мураккаб пластик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
[gallery-19651]
Тадбирда сўзга чиққанлар Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан шу кунгача эҳтиёжманд оила фарзандларига тиббий-ижтимоий, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилгани, бу хайрли ишлар йил якунига қадар бардавом бўлиб, яна кўплаб оилаларга қувонч ва шодлик улашилишини алоҳида таъкидлади.
Фонд томонидан “Орфан” касалликлар туркумига кирувчи “Номукаммал остеогенез” касаллигига чалинган бемор болаларни даволаш учун Республика болалар ортопедия марказига жами қиймати 7 млрд. сўм бўлган 70 дона асбоб-ускуна тўпламлари топширилди.
Тадбир доирасида мустақиллигимизнинг 33 йиллиги арафасида ўтказилган “Ватан – болажонлар нигоҳида” танлови ғолиблари ҳам муносиб тақдирланди. Таъкидланганидек, ўтган вақт ичида 120 дан ортиқ болажонлардан турли мазмундаги 200 га яқин ижодий ишлар келиб тушди. Ҳайъат аъзолари томонидан ҳар бир иш муносиб баҳоланиб, муаллиф болажонлар турли номинациялар бўйича тантанали тақдирланди.
Тадбир доирасида бемор болажонлар томонидан яратилган ижодий ишларнинг “Савдо ярмаркаси” ҳам ташкил этилди. Шунингдек, Республика болалар ортопедия марказида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирлар ноёб хасталикка чалинган бемор болалар ҳаётини сақлаш қолиш, уларнинг соғайиб, тенгдошлари қаторида бўлишларига эришиш ҳамда бемор болажонлар томонидан яратилган қўл меҳнати намуналарини, ижодий ишларини муносиб рағбатлантиришда, уларнинг руҳиятини кўтаришда муҳим ўрин тутади.
Муҳтарама Комилова, Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА
--0--