Ҳарбийлар учун янги уйлар
Бухорода Президентимизнинг 2021 йил 11 мартдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида ёш ҳарбий хизматчиларга турар жой қуриб берилди.
Бухоро шаҳрининг янги 7-мавзеси, Баҳоуддин Нақшбанд МФЙ, Амир Темур кўчасида пишиқ ғиштдан қурилган 9 қаватли муҳташам турар жой ҳар бири стандарт ҳажмда 70 квадрат метрдан иборат бўлган 3 хонали, 50 та хонадонни ўз ичига олган.
“Ўзшаҳарқурилишинвест” давлат унитар корхонаси буюртмаси асосида маҳаллий пудрат корхонаси “Қурилиш медиатранс” МЧЖ томонидан барпо этилган иншоот умумий қийматининг 25 фоизи, яъни 4 миллиард 269 миллион сўм маблағ республика Мудофаа вазирлиги томонидан қоплаб берилгани ҳарбийлар оилалари учун катта имтиёз бўлди.

Замон талаби даражасида қуриб битказилган муҳташам турар жой иншоотини ўз эгаларига топшириш тадбири тантанага айланди. Бунда ҳарбий қисмлар қўмондонлиги, жамоатчилик вакиллари, ёш ҳарбийлар оилалари жам бўлди. Ҳарбий оркестр садолари остида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Тантанада ёш оилаларга топширилаётган уй-жой мамлакатимиз Қуролли кучлари ҳарбий салоҳиятини оширишда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси, ёш ҳарбийларга кўрсатилаётган эътибор ва рағбат намунаси эканлиги таъкидланди. Шундан сўнг ўз бошпанасига эга бўлган ҳарбийларга уй калитлари тантанали равишда топширилди. Алвон лента қирқилиб, тадбирда йиғилганлар шинам ва замонавий турар жойларда яратилган шароитлар билан танишишди.

– Ўғлимиз Азаматжон армия хизматидан кейин шартнома асосида Ўзбекистон Қуролли кучлари сафида хизматини давом эттиришга қарор қилган эди, – дейди янги уй эгаси, оддий аскар Азамат Ҳожиевнинг отаси Ризоқул Ҳожиев. – Аввал 6 йилдан кўпроқ Олот туманидаги ҳарбий қисмда, кейин ўзи йигитлик бурчини ўтаган Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳридаги танк қўмондонлиги ҳарбий қисмида хизмат қилиб келмоқда. Оиламиз ва яқинларимиз билан фарзандимизнинг эл корига яраётганидан фахрланамиз. Мана бугун унга уч хонали турар жой берилганидан жуда қувончдамиз. Уйида зарур жиҳозлар, ошхона мебели ва газ плитаси, ювиниш тармоғи, яна эшик-деразалари ўрнатиб берилган, бемалол яшаш учун барча шароит яратилган. Қулайлиги 20 йилга ипотека кредити асосида берилган бу турар жой учун ҳарбийлар ҳисобидан ойига тўланадиган бадал миқдори 1 миллион сўмга ҳам етмас экан. Бунинг учун Давлат раҳбарига минг раҳмат.
Тадбирда Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари қўмондонининг моддий таъминот бўйича ўринбосари, подполковник Илёс Пирматов иштирок этди.
Зариф Комилов, ЎзА