Ҳарбий-ватанпарлик тарбияси – Янги Ўзбекистон сарҳадлари дахлсизлиги ва равнақи гарови
Замонавий халқаро муносабатларнинг мураккаб шароитида мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш Янги Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти ва хавфсизлигини таъминловчи стратегик омил ҳисобланади.
Мамлакатимиз раҳбари томонидан миллий мудофаа тизимининг мукаммал моделини шакллантириш билан бир қаторда, ёш авлодни юксак ватанпарварлик ва ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. У ёшларнинг нафақат маънавий қиёфасини шакллантирувчи омил, балки армиянинг жанговар салоҳиятини белгиловчи асосий стратегик куч ҳамдир.
Ҳарбий ва ватанпарварлик тушуначалари ўзаро муштарак бўлиб, уларни бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди. Ушбу яхлит ғоянинг негизида ёш авлодни давлат ва жамият ҳаётида, хусусан, ҳарбий соҳада фаол бўлишга йўналтириш мақсади ётади. Бу жараён ёшларда Конституцияга содиқлик, ҳарбий бурчни англаш ҳамда она юрт ва халқ тақдири учун юксак масъулият ҳиссини шакллантиришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон учун бу вазифа аҳолининг демографик тузилишини ҳисобга олган ҳолда айниқса муҳим. Бугунги кунда республика фуқароларининг қарийб 64 фоизини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Бу кўп жиҳатдан давлат сиёсатининг устувор йўналишларини, жумладан, ёшларни тарбиялаш, фуқаролик масъулиятини мустаҳкамлаш ва ёш авлодни мамлакатнинг миллий манфаатларини ҳимоя қилишга тайёрлаш масалаларини белгилайди.
Шу муносабат билан давлат томонидан ёшлар таълими ва ватанпарварлик тарбиясини такомиллаштириш бўйича изчил сиёсат олиб борилмоқда. 2026 йил ҳолатига кўра, соҳага оид 5 та қонун ва 55 дан ортиқ қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, улар ёшларга оид давлат сиёсатининг ташкилий ва мафкуравий асослари белгилаб беради.

Бунда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини мустаҳкамлаш ва ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада мудофаа қурилишининг асосий йўналишлари ва ёшларни Ватанга хизмат қилишга тайёрлашнинг асосий тамойилларини белгилаб берувчи кенг қамровли ҳуқуқий база шакллантирилди.
Улар сирасига Ўзбекистон Республикаси «Мудофаа тўғрисидаги» қонуни, «Мудофаа доктринаси», Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий бош қўмондоннинг ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини ривожлантириш бўйича бир қатор қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган «2023-2027 йилларда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари самарадорлигини ошириш концепцияси» ва бошқа хужжатлар киради. Уларнинг амалга оширилиши нафақат давлатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга, балки Ватанга хизмат қилишни ва мамлакатни ҳимоя қилиш энг муҳим фуқаролик бурчи деб биладиган авлодни шакллантиришга қаратилган.
Юқоридаги хужжатларда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни ҳар томонлама камол топтириш ва қатъий фикр ва эътиқодга эга шахс сифатида шакллантиришга қаратилган «Ватан – улуғ, бурч – муқаддас» концептуал ғояси ётади.
Мазкур ғояни амалга оширишнинг асосий йўналишларидан бири давлат, жамият ва Қуролли Кучлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳисобланади. Шу муносабат билан мамлакатда мудофаа, хавфсизлик ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларида саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирувчи «Aрмия ва халқ – бир тан, бир жон» тамойилида давлат сиёсати изчил амалга оширилмоқда.
Ушбу йўналишдаги муҳим қадам Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси билан ҳарбий-маъмурий секторлар тизимининг яратилиши бўлди. Бугунги кунда жорий тузилма армия ва маҳаллий ҳокимият органлари ўртасида боғловчи кўприк вазифасини ўтамоқда. Улар нафақат ҳудудий мудофаа масалаларини мувофиқлаштиради, балки ёш авлодни ҳақиқий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун янги имкониятлар беради.
Шу билан бирга, мамлакат Қуролли Кучларнинг жамият учун очиқ ва шаффофлигини ошириш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. Ҳарбий қисмлар аста-секин нафақат мудофаа тизимининг элементи, балки ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш майдонига ҳам айланиб бормоқда.
Бу борада қисмларда очиқ эшиклар куни, ёшлар билан ҳарбий хизматчилар ва фахрийлар ўртасидаги учрашувлар, ҳарбий-ватанпарварлик ва маърифий тадбирлар муҳим рол ўйнайди. Бундай ташаббуслар армияга ишончни мустаҳкамлашга ва ёшларда мамлакат хавфсизлигини таъминлашда ҳарбий хизматнинг аҳамиятини чуқурроқ тушунишга ёрдам беради.
Шу билан бирга, ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси тизимида мамлакатнинг тарихий меросига мурожаат қилиш муҳим рол ўйнайди. Замонавий шароитда у нафақат шонли тарихимизнинг бир қисми, балки ёшларнинг ҳарбий ўзига хослигини шакллантириш воситаси сифатида ҳам қаралади. Ушбу шароитда Aмир Темур, Жалолиддин Мангуберди ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Амир Темур шахси ва мероси Ўзбекистон Қуролли Кучларида юксак эъзозланади. Соҳибқирон руҳи замонавий ўзбек армиясининг кўплаб рамзларида яшайди. Бўлинмалар тимсолларида буюк саркарданинг дубулғаси ва қиличи тасвирланган бўлиб, унинг машҳур «Куч-адолатда» тамойили ҳарбий хизматчилар учун муҳим мафкуравий қўлланма бўлиб қолмоқда.
Aвлодлар давомийлиги давлат мукофотлари тизимида ҳам намоён бўлади. 1996 йилда таъсис этилган «Амир Темур» ордени давлатчиликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари ва ватанни ҳимоя қилишда кўрсатган жасорати учун топширилади. Йил якунларига кўра, жанговар тайёргарликда энг юқори натижа кўрсатган ҳарбий округга «Амир Темур жанговар байроғи» топширилади. Бу кўчма мукофот ҳисобланиб, армиядаги энг нуфузли рамзий эътирофдир. Темурбеклар мактаби битирувчилари ҳам буюк саркарда авлодларига мансублик рамзи сифатида махсус кўкрак нишонларини тақиб юришади.
Шу билан бирга, мамлакатда ёшлар учун мактабдан то ҳарбий хизматгача бўлган барча босқичларни қамраб олувчи ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясининг узлуксиз таълим тизими изчил ривожланмоқда. Ҳар бир даража интизом, етакчилик фазилатлари, асосий ҳарбий кўникмаларни ривожлантириш ва кадрлар захирасини тайёрлаш каби аниқ мақсадларни ҳал қилишга қаратилган.
Ушбу тизимдаги биринчи бўғин мактабларда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ҳисобланади. Бу босқичда ёшлар замонавий қурол ва техника, юқори технологиялар ва тактик тайёргарлик каби замонавий армиянинг талабларига мос илк тушунчаларни оладилар.
Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик тизимини ислоҳ қилиниши бугунги куннинг стратегик заруриятидир. Ўзгараётган глобал хавфсизлик тизими шароитида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш шунчаки ўқув фани эмас, балки миллий ўзликни англаш ва замонавий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган комплекс жараёндир.
Ушбу тизимнинг яна бир муҳим бўғини Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати бўлиб, у ёшларда маънавий ва мафкуравий иммунитетни шакллантириш, кадрлар захирасини тайёрлаш ҳамда жисмоний ва руҳий чидамлиликни ошириш каби вазифаларни ўз ичига олади.
Ҳаракат кенг тармоққа эга: мактаблар, лицейлар ва техникумларда унинг 11 000 дан ортиқ бўлинмалари мавжуд бўлиб, улар тахминан 500 000 ўқувчини бирлаштиради. Иштирокчиларнинг фаолияти ҳарбий-техник ва амалий соҳаларда - алоқа ходимлари ва ҳайдовчилардан тортиб, кинологлар ва бошқа соҳалардаги мутахассисларгача бўлган амалий машғулотларга асосланган. Энг фаол аъзоларга Мудофаа вазирли томонидан олий ҳарбий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда қўшимча афзалликлар берувчи тавсияномалар берилади.
Тизимнинг амалий самарадорлиги натижалар билан тасдиқланмоқда: жорий йилнинг ўзида 1100 нафар иштирокчи ҳарбий-техник марказларда тайёргарликдан ўтиб, муддатли ҳарбий хизматга юборилди. Шу билан бирга, ҳаракат ёшлари халқаро миқёсда ҳам улкан муваффақиятлар кўрсатмоқда. Қозоғистонда битирувчи синф ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган анъанавий «Aybin» халқаро мусобақасида Ўзбекистон жамоаси 2024 йилда 2-ўринни, 2025 йилда эса 55 та жамоа орасида 1-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти ҳам мамлакатимиздаги ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси тизимида асосий ўрин эгаллайди. Унинг янги Концепция доирасидаги фаолияти кенгайтирилди ва маҳаллалар ва таълим муассасалари билан ишлашга интеграция қилинди. Илгари «Ватанпарвар»га асосан ҳайдовчилар тайёрлаш тузилмаси сифатида қаралган бўлса, бугунги кунда у Қуролли Кучларнинг ҳарбий-амалий таълим ва кадрлар тайёрловчи кенг қамровли платформасига айланди.
Ўзбекистонда фуқаролик-ҳарбий ҳамкорликнинг яна бир ноёб намунаси – «Ҳарбий қисм – маҳалла» хамкорлигидир. Ушбу тизимнинг маҳалла каби анъанавий институт билан боғлангани унинг ўзига хослигини белгилайди. Ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан «Жасорат мактаби» ўқув йиғинлари тизимли равишда ўтказилмоқда. Уларнинг мақсади уюшмаган ёшлар ва профилактик рўйхатда турган ёшлар учун бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, шунингдек, уларда ҳарбий-ватанпарварлик қадриятларини ривожлантириш ва бандликни оширишдан иборат.
Ушбу лойиҳа қамрови йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Агар 2025-2026 ўқув йилида 32 минг нафардан ортиқ ёшлар ушбу йиғинларга жалб этилган бўлса, 2026-2027 йилги режага кўра яна 5,5 минг нафарга яқин ўқувчини «Жасорат мактаблари»га қабул қилиш белгиланган. Бундай тадбирлар ёшлар онгида миллий армиямизга бўлган ҳурматни ошириш, Ватанни ҳимоя қилиш Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчи эканлиги ҳақидаги тушунчани мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси миллий хавфсизликни таъминлашнинг асосий йўналишларидан биридир. Давлатимиз раҳбари томонидан армияни янада ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича белгилаб берилган вазифалар соҳа салоҳиятини янада оширади. Зеро, даавлатнинг тинчлиги, фаровонлиги ва барқарор ривожланиши кўп жиҳатдан ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясининг самарадорлигига боғлиқ. Шунинг учун бу фуқаролик масъулиятини тарбиялаш, миллий бирликни мустаҳкамлаш, Ватанга садоқат ва миллий ғурур туйғусини шакллантиришда муҳим омил ҳисобланади.
Набиев Наримон,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими