Ҳар пайшанбада “Ёшлар сайли” (+видео)
Бугун – пайшанба эрталабдан вилоят ҳокими бошчилигида барча раҳбарлар иштирокида корхона, ўқув юрти, дала шийпонлари, қаердаки ёшлар ишласа ёки ўқиса, ўша ерда “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари бўлиб ўтди.
Фарғона шаҳрида янги анъана бошлаб берилди. Энди Аҳмад ал-Фарғоний номидаги боғда ҳар пайшанба куни “Ёшлар сайли” ташкил этилади.

Бугун боғ ёшлар билан гавжум бўлди. Ҳар ерда ёшларнинг ижодий кўргазмалари очилди. Уларнинг ихтиро ва ишланмалари, информацион технологияга киритмоқчи бўлган таклифлари, Ватан, табиат манзаралари моҳирона акс эттирилган тасвирий асарлари намойиш қилинди.
Энг гавжум жойларнинг бири янги китоблар тақдимоти растаси эди. Унда “Биринчи китобим” лойиҳаси муаллифлари ўз асарларини илк бор китобхонларга таклиф этишди.

Халқ ўйинлари сайлга файз киритди. Арқон тортиш, дорбозлар чиқишлари, куй ва қўшиқлар ёшларни тез даврага чорлади.
“Ёшлар сайли”га кела олмайдиган болалар ҳам эътибордан четда қолишмади. Кўнгилли ёшлар гуруҳи – волонтёрлар уларнинг олдига бориб келишди.

– Бу ерда ёшлар учун керак бўлган барча йўналишдаги лойиҳалар тақдим этилмоқда,– дейди волонтёрлар гуруҳи аъзоси Дурдона Ғофурова. – Мен ҳам кўнгиллиларнинг “Қувонч” лойиҳасида иштирок этяпман. Биз "Меҳрибонлик уйи"даги болаларга қувонч улашамиз. Волонтёрлик гуруҳимизда 90 дан ортиқ ёшлар бор. Биз 200 дан ортиқ ногиронлиги бўлган болаларни оталиққа олганмиз. Билганим шуки, уларга меҳр керак экан. Улар билан ишлаганда шуни ҳам тушундимки, улар жуда қобилиятли.

“Заковат” интеллектуал ўйини ёшларнинг ақлини чархлади. Бу ерда интерактив майдон ташкил этилиб, очиқ мулоқотлар бўлди. Сайл ёшларнинг концерти ва анъанавий ош танлови билан давом этди.
Фаоллар тақдирланди ва улар “Келаси пайшанбагача” дея хайрлашдилар.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IY79TVA9VTw" title="Har payshanbada “Yoshlar sayli”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА