Ҳар бир ёш яхши яшашга ҳақли
Юртимизда аҳолининг, хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни турли касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Конституциямизнинг 42-моддасида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик, гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга, деб белгилаб қўйилган. Қолаверса, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам инсон қадрини таъминлашга қаратилган мақсадлар ўрин олган. Стратегиянинг 66-мақсади бевосита ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш масалаларига қаратилган.

– Жорий йилда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритдик, – дейди “Мададкор ёшлар” маркази раҳбари Гулбаданбегим Нуриддинова. – “Ҳар бир ёш яхши яшашга ҳақли” деб номланган лойиҳа доирасида Навбаҳор туманидаги ногиронлиги бўлган шахслар ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган кам таъминланган оила фарзандларини касбга ўқитиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режаси тузиб олганмиз. Режага асосан тумандаги 97 нафар ногиронлиги бўлган ёшларнинг рўйхати шакллантирилди ҳамда ўқитиш учун махсус ўқув дастурлари тасдиқланди.

Марказ томонидан бепул ўқув курсларининг “Миллий ҳунармандчилик”, “Тикувчилик”, “Турли шаклда гуллар тайёрлаш”, “Компьютер саводхонлиги” каби йўналишларини муваффақиятли тугатган ёшларга гранд маблағлари ҳисобидан ўз иш фаолиятларини бошлаши учун хомашёлар олиб берилмоқда.

Лойиҳа доирасида 1- ва 2-босқичларда Бешрабод, Қаҳрамон, Дул-дул, Армижон, Қоровултепа маҳаллаларида истиқомат қилувчи 74 нафар ногиронлиги бўлган ёш касб-ҳунарга ўқитилди. Уларнинг 9 нафари доимий ишга жойлаштирилди. 16 нафари ўзини-ўзи банд қилиб, уйда мустақил даромад олиши учун иш фаолиятини йўлга қўйган бўлса, 8 нафар ўқув курсларни муваффаққиятли тугатган ёшларга лойиҳа доирасида иш фаолият бошлаши учун хомашё ва ускуналар олиб берилди.

– Мен 1-босқичда 3 ой давомида бепул тикувчилик ўқув курсида ўқидим, – дейди Ҳаловаттепа маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Маржона Санақулова. – Уйимдан қатнаб ишлашга имкониятим ва соғлиғим тўғри келмаганлиги туфайли менга лойиҳа доирасида тикув машинкаси олиб берилди. Бугунги кунда уйда ўтириб, тикувчилик фаолияти билан шуғулланмоқдаман.

Инсон қадри улуғланган юртимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳам аҳолининг бошқа қатламлари билан тенг шароитларда меҳнат қилиб, фаол ҳаёт иштирокчиларига айланмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири