Ҳар бир спектакль алоҳида китобдир (+видео)
27 март – Халқаро театр куни
Театр – маданият, маънавият маскани. Театр ибратхонадир. Шу боис ҳам доим унга талпинамиз, ошиқамиз. Театрда намойиш этиладиган ҳар бир спектакль инсонни тарбиялашга, ўзига назар солишга ва керакли хулосаларни чиқаришга ундайди.
– Театр ибратхонадир, деган ибора бежизга айтилмаган, – дейди Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри актрисаси Маъсуда Отажонова. – Ҳақиқатан ҳам театрга келган одам бошқа бир дунёга, бошқача муҳитга киргандай бўлади. Ҳар бир спектакль менинг назаримда алоҳида бир китобдир. Тадбирларда юртдошларимизни театрга таклиф этаман – «агар китоб ўқишга вақтингиз бўлмаса, албатта, театрга келинглар. «Ўтган кунлар» романини ўқишга вақтингиз бўлмадими, театримизга келиб «Ўтган кунлар» спектаклини кўринглар, китоб ўқигандай бўласизлар», дейман. Ҳар битта образ – Кумуш, Отабек, Офтобойимларнинг ҳаёси, ибоси, оиладаги муҳитни кўриб, томошабин ўзига керакли хулосаларни олади.
27 март – Халқаро театр куни. Ушбу сана 1961 йилда ЮНEСКО ҳузуридаги Халқаро театр институтининг IX конгрессида таъсис этилган бўлиб, ҳар йили бутун дунё бўйлаб анъанавий тарзда нишонланади.
Мамлакатимизда ҳам Халқаро театр куни муносабати билан давлат театрларида 21-27 март кунлари «Театр томошалари ҳафталиги» ўтказилиб, «Очиқ эшиклар куни» ташкил этилди. Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида ҳам «Театр томошалари ҳафталиги» доирасида қатор сара асарлар томошабинларга тақдим этилди.
– «Очиқ эшиклар куни»да шунақа вазиятлар ҳам бўлдики, ҳатто баъзи спектаклларимизни бир кунда икки марталаб намойиш этишга тўғри келди, – дейди Маъсуда Отажонова. – Томошабинлар тўлиб келди. Халқимиз санъатни яхши кўради, ёпирилиб келиб, спектаклларимизни томоша қилишди. Энг сара асарларимизни намойиш этишга ҳаракат қилдик.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/y_uF_JLttUs" title="27-mart – Xalqaro teatr kuni" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА