Ҳар бир шаҳар ва туманда IТ парк
Фарғона вилоятининг ҳар бир туман ва шаҳарларида IТ парклар очиляпти. Бу анъана Марғилон шаҳри, кейин Тошлоқ туманида бошланган эди. Мана энди Бешариқдан тортиб Қувагача ёшларга ақлий ривожланишнинг энг муҳим омил ва шароитлари яратилди. Мазкур марказлар ҳудудда рақамли инфратузилмани мустаҳкамлаш, ёшларнинг замонавий касбларга бўлган қизиқишини ошириш ва инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

Навбатдаги тантана Қўштепа туманида бўлиб ўтди: ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришга қаратилган муҳим лойиҳа – IТ парк очилди. Унда сўзга чиққанлар бугунги кунда IТ соҳаси нафақат замон талаби, балки иқтисодий тараққиётнинг асосий драйверларидан бири ҳисобланиши, янги марказ эса туман ёшларига ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш ва илғор технологияларни ўрганиш учун мустаҳкам замин яратишини таъкидлашди.

Қўштепа туманидаги IТ парк марказида дастурлаш, веб-ишлаб чиқиш, график дизайн, робототехника каби йўналишларда таълим олиш учун замонавий жиҳозланган хоналар ташкил этилган. Шунингдек, стартап лойиҳаларни шакллантириш ва амалиётга татбиқ этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилган.

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА