Ҳамжиҳатликда гап кўп
Цех эшиги очилиши билан янги кесилган ёғочнинг ўзига хос ҳиди димоққа урилади. Замонавий дастгоҳлар бир маромда ишлайди. Бир четда тайёр эшиклар терилган, яна бир жойда болалар учун ихчам стол-стулларга сўнгги ишлов берилмоқда. Ҳар бир буюмда меҳнатнинг ҳарорати, эътиборнинг изи сезилади.
Бу ер Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Куёвбоши” маҳалласида яшовчи Шавкат Нуруллаевнинг меҳнат маскани.
Қишлоқда катта ишларни фақат катта сармоя билан бошлаш мумкин деган қарашга у анча аввал ишонмай қўйган. Унинг назарида, энг катта сармоя — яхши ғоя ва унга ишонадиган оила.
— Бир куни турмуш ўртоғим Васила билан узоқ суҳбатлашдик, — дейди Шавкат Нуруллаев. — Нега йиллар давомида орзу қилиб юрган ишимизни бошламаймиз? дедим унга. У ҳам иккиланмади. Ҳаракат қилсак, Аллоҳ ҳам баракасини беради деди. Шу гап менга куч берди.
Кейинги қадамлар аниқ режа асосида бошланди. Маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси Нурланбек Худойбердиев оиланинг ташаббусини қўллаб-қувватлади. Тавсияга кўра, “Микрокредитбанк”нинг туман филиали томонидан 100 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.Бу маблағ шунчаки кредит эмас, орзуга очилган эшик бўлди.
Хонадон ёнида мебель цехи учун алоҳида бино барпо этилди. Турли русумдаги дастгоҳлар ўрнатилди. Илк кунлари цехда фақат икки киши меҳнат қилган бўлса, кўп ўтмай бу ишга бутун оила қўшилди. Аввал Васила опа, кейин эса фарзандлари Самандар ва Сардоржон елкадош бўлди.
Мана икки йилдирки, якка тартибдаги тадбиркор сифатида танилган Шавкат Нуруллаев раҳбарлик қилаётган цехда меҳнат тинмайди.
Бу ерда буюртма асосида ошхона, меҳмонхона ва ётоқхона мебеллари, болалар учун стол-стуллар ҳамда ўриндиқлар тайёрланади. Миллий услубда ясалган эшик ва деразалар, Европа андозаларидаги мебеллар, сандиқ ва қутилар, мактабгача таълим ташкилотлари учун мўлжалланган жиҳозларга талаб тобора ортиб бормоқда.
Ҳар бир буюм тайёр бўлганида Шавкат ака уни бир неча бор кўздан кечиради.
— Мебель — оддий маҳсулот эмас, — дейди у. — Уни одам йиллаб ишлатади. Ҳар гал тайёр маҳсулотни мижозга беришдан олдин ўзимга битта савол бераман: “Шуни ўз хонамга қўярмидим?” Агар жавобим “ҳа” бўлса, ана шунда кўнглим хотиржам бўлади.
Бу меҳнатсевар инсоннинг яна бир фазилати бор. У касб маҳоратини ўзидагина сақлаб қолишни истамайди.
Қўшни хонадонда яшовчи Фазлиддин Мамаюсупов ҳам бугун унинг шогирди.

— Ёшлигимдан мебелчиликка қизиқишим юқори эди, — дейди Фазлиддин. — Шавкат акага шогирд тушдим. Ҳар куни янги сирларни ўрганяпман. У киши бизга фақат касб эмас, меҳнатга ҳурматни ҳам ўргатади.
Цехдаги ҳар бир дастгоҳ ортида бир оиланинг меҳнати, ҳар бир тайёр маҳсулот ортида эса сабр ва изланиш мужассам.
Аммо Шавкат Нуруллаев эришилган натижа билан чекланишни истамайди.
— Кечаги ютуқ билан эртанги бозорни эгаллаб бўлмайди, — дейди у. — Ҳозир янги ғоялар устида ишлаяпман. Яқинда мебель ишлаб чиқаришда асқотадиган янги услубдаги замонавий дастгоҳ олиб келиб, цехга ўрнатмоқчимиз. Унинг ёрдамида тайёрланадиган маҳсулотлар янада сержило, янада нафис бўлади. Харидор сифатни кўрса, яна қайтиб келади.
Бу сўзларда оддий тадбиркорнинг орзуси эмас, қишлоқнинг эртанги кунига бўлган ишончи мужассам.
Баъзан катта ўзгаришлар йирик заводлардан эмас, ана шундай кичик цехлардан бошланади. Бир хонадонда туғилган ғоя бутун маҳаллага руҳ беради. Бир оиланинг меҳнати бошқаларни ҳам ҳаракатга ундайди.
“Куёвбоши” маҳалласидаги бу меҳнат масканига қараб туриб, бир ҳақиқатни англайсан: қишлоқнинг ҳақиқий бойлиги ер остидаги хазинада эмас, қўли гул, қалбига ишонч жойлашган инсонларда экан.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири