Ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Меморандумни имзолашдан кўзланган мақсад мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришда таъсирчан тарғибот ишлари ва маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этишдан иборатдир. Шу билан бирга тармоқ тизимидаги ташкилотларда давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишлари, ислоҳотлар моҳияти, қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг аҳамиятини меҳнаткашларга атрофлича тушунтириш ва бу жараёнларда қўмита аъзоларини тадбирларга жалб қилиш ҳам ушбу меморандумда кўзда тутилган.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов бугунги кунда юртимизда турли миллат ва диний конфессия вакиллари ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликда истиқомат қилаётганини таъкидлади.
[gallery-10061]
Дарҳақиқат, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, жамиятда тотувлик, барқарорликни, турли миллатлар вакиллари ўртасидаги тинчлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда.
Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Шуҳрат Деҳқонов бугунги кунда юртимизда меҳнат қонунчилиги доирасида улкан имкониятлар яратилиб, бу меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга замин яратаётганини қайд этди.
Қўмита ва Касаба уюшмасида муҳим саналарга бағишланган байрам тадбирларини юқори савияда ўтказиш мақсадида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ишчи-ходимларнинг ижтимоий-ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида кўрик-танловлар ташкил этиш режалаштирилган.
Меморандум доирасида томонлар Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан ташкиллаштириладиган тадбирларга Миллий маданий марказлар ҳаваскорлик гуруҳларини таклиф этиш кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, Касаба уюшмалари фаолиятида фаол ходимларни тақдирлаб бориш, ёши улуғ, соғлиги оғир фахрийлар ҳолидан хабар олиш, зарур ижтимоий ҳолатини яхшилаш, маиший, тиббий ва маданий хизматларини ташкил этиш каби турли йўналишлардаги ишлар ҳам амалга оширилади.
Қўмита фойесида ташкил этилган миллий ҳунармандчилик асарлари кўргазмаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Миллий маданий марказлар ҳаваскор гуруҳлари томонидан концерт дастури иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Н.Усмонова, ЎзА