Ҳам гуруч ҳам балиқ: Ўзбекистонда илк бор сув юзида шоли етиштирилмоқда
Сув юзида шоли етиштириш ҳамда бир вақтнинг ўзида балиқ парваришлаш тажрибаси Тошкент, Наманган ва Фарғона вилоятларида Шоличилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан синовдан ўтказилмоқда.
Наманган вилояти Мингбулоқ туманидаги “Босаралиев Муқимжон” фермер хўжалигида ҳам мана шу ноёб тажриба ишлари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Мазкур усул сув ҳавзаларидан икки ҳисса унумли фойдаланиш ва экологик тоза маҳсулот олиш имконини бериши билан ажралиб туради.

Шоличилик илмий-тадқиқот институти ходимлари сув юзида парвариш қилинаётган шоли кўчатларининг биометрик кўрсаткич таҳлилларини олиш, уларни анализ қилиш учун махсус илмий мониторинг ишларини йўлга қўйдилар. Ходимлар томонидан шоли поясининг ўсиш суръати, илдиз тизимининг сув остидаги ривожланиши, барг сатҳи ҳамда озуқа элементларини ўзлаштириш даражаси мунтазам равишда ўрганилмоқда.
Ушбу тажрибанинг ўзига хослиги шундаки, сув юзидаги махсус мосламаларда шоли етиштирилса, унинг остидаги сув ҳавзасида балиқлар парваришланади. Бу жараён табиатда ўзаро манфаатли занжирни ҳосил қилади.
Яъни, балиқлардан ажраладиган органик чиқиндилар шоли учун тайёр ва жуда бой озуқа (ўғит) вазифасини ўтайди. Бир вақтнинг ўзида балиқлар шоли илдизи атрофидаги зарарли ҳашаротлар ва уларнинг личинкалари билан озиқланади. Бу эса кимёвий препаратлардан бутунлай воз кечиш имконини беради.
Шоли илдизлари сувни турли зарарли тузлар ва бирикмалардан тозалаб, балиқлар учун шаффоф ва кислородга бой муҳит яратади. Энг муҳими, анъанавий шоличиликка нисбатан сув сарфи кескин камаяди.

Олимларнинг дастлабки тадқиқотларига кўра сув юзида сузиб турган шоли кўчатлари оддий тупроқдаги шолига нисбатан тезроқ ривожланмоқда ва касалликларга чидамлилиги юқори.
Ушбу экологик ва иқтисодий жиҳатдан самарали бўлган агротехнология келгусида республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги табиий ва сунъий кўлларда ҳам оммалаштирилиши режалаштирилган. Бу эса мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини оширишда муҳим қадам бўлади.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА