Халқимизнинг эртанги кунга ишончи ортмоқда
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, шаҳар ва қишлоқларни обод қилиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини замон талаблари асосида янгилаш масалалари давлатмиз сиёсатининг устувор йўналишларига айланган.
Президентимиз ташаббуси ва топшириқлари асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бунинг натижасида халқимизнинг турмуш фаровонлиги юксалмоқда, давлатга, эртанги кунга бўлган ишончи янада ортмоқда. Юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби Андижон шаҳрида ҳам бу каби хайрли ва эзгу ишлар кўлами кундан-кунга кенгайиб бормоқда.
Жумладан, йирик инфратузилмавий лойиҳа доирасида Андижон шаҳри марказий сувоқова тармоғи (канализацияси)нинг Сарбонтепа, Фаробий, Мустақилликнинг 21 йиллиги, Ҳамдўстлик ҳамда Узумзор маҳаллалари ҳудудидан ўтган 8,6 километр қисми тубдан янгиланаётганлиги ҳам улкан бунёдкорлик ишларига ёрқин мисолдир.
Айни кунларда шаҳарнинг Ўзбекистон кўчасида кечаётган қурилиш ишлари орқали шаҳар ҳаёти учун ўта муҳим ҳисобланган, бутун оқова сув тизимининг "юраги" вазифасини бажариб келган асосий магистраль тармоқ янгидан барпо этилмоқда. Бу лойиҳа нафақат муҳандислик нуқтаи назаридан, балки шаҳарнинг келгуси тараққиёти, аҳоли саломатлиги, экологик барқарорлик ва коммунал хизматлар сифати учун ҳам улкан аҳамият касб этади.
Мазкур оқова сув тармоғи 1969 йилда қурилган бўлиб, қарийб ярим асрдан зиёд вақт давомида шаҳар аҳолисига хизмат қилди. Бироқ ҳар қандай муҳандислик иншооти каби унинг ҳам хизмат муддати мавжуд. Йиллар ўтиши билан қувурлар табиий равишда эскирди, емирилди, ички қисмида чўкиндилар тўпланди, техник имкониятлари эса бугунги кун талабларидан анча ортда қолди. Натижада тармоқда ҳар йили икки-уч марта авария ҳолатлари кузатилиб, таъмирлаш ишлари деярли узлуксиз давом этадиган жараёнга айланди.
Аслида муаммо фақат қувурнинг ёрилиши ёки носозлигидагина эмас. Ушбу иншоот шаҳарнинг асосий оқова сув магистрали бўлгани сабабли ҳар бир авария бутун тизим фаолиятига салбий таъсир кўрсатарди. Айрим маҳаллаларда оқова сувининг тошиб кетиши нохуш ҳидларнинг тарқалиши, санитария ҳолатининг ёмонлашишига олиб келар, бу аҳолининг турмуш тарзига жиддий таъсир кўрсатар, одамларнинг эътирозларини келтириб чиқараётган, айниқса, коммунал хизматлар фаолиятидан норозиликни, соҳага нисбатан ишончсизликнинг юзага келишига сабаб бўлаётган эди.
[gallery-30716]
Айниқса, ҳар бир авариядан кейин таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун марказий кўчаларнинг бир қисми қазилишига тўғри келарди. Бу эса автомобиль ҳаракатида жиддий чекловларни келтириб чиқарар, тирбандликлар юзага келишига сабаб бўлар, жамоат транспорти ҳаракати издан чиқар, фуқаролар ўз манзилига етиб боришда кўп вақт сарфлашга мажбур бўларди. Бир сўз билан айтганда, битта қувурдаги носозлик бутун шаҳар ҳаётининг бир қисмига таъсир кўрсатадиган даражага етиб қолган эди.
– Ушбу оқова сув тармоғи узоқ йиллардан буён, аниқроғи 57 йил давомида хизмат қилиб келди, – дейди Фаробий маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Аҳмаджон Назиров. – Кейинги йилларда эса тармоқда тез-тез носозликлар юзага келадиган бўлиб қолди. Айниқса, авария юз берганда ноқулайликни ҳамма ҳис қиларди. Айрим пайтларда нохуш ҳиддан дераза очиб бўлмасди. Шукрки, энди тармоқ тўла янгиланмоқда, бундан одамлар жуда хурсанд. Бу фаровон келажак учун, одамларнинг турмуш тарзини яхшилашга хизмат қиладиган улкан ишдир.
Мазкур йирик лойиҳани амалга оширишда тўртта қурилиш ташкилоти иштирок этмоқда. Улар томонидан жами 8,6 километр узунликдаги асосий оқова сув тармоғи янгитдан қурилмоқда. Қурилиш жараёнига 50 дан ортиқ замонавий махсус техникалар, 500 нафардан зиёд мутахассис ва ишчи-хизматчилар сафарбар этилди. Қурилиш ишлари куну тун юқори суръатларда олиб борилмоқда. Лойиҳани амалга ошириш учун 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилгани давлатимиз томонидан коммунал инфратузилмани ривожлантиришга қаратилаётган эътиборнинг яна бир амалий ифодасидир.
Эътиборли жиҳати шундаки, қурилиш ишлари тизимли ва юқори даражада ташкил этилган. Вилоят ҳокимлиги томонидан ушбу йирик қурилиш майдонида учта махсус штаб ташкил этилган. Бу штабларда масъул раҳбарлар ва мутасадди ташкилотлар вакиллари томонидан ҳар бир қурилиш босқичи кунлик тартибда муҳокама қилиниб, ишларнинг сифати, муддати ва самарадорлиги қатъий назорат қилиб борилмоқда.
Қурилиш жараёнидаги барча масалалар жойида ҳал этилаётгани қурилиш ишларининг белгиланган режа асосида давом этишини таъминламоқда. Қурилиш майдонида меҳнат қилаётган ишчи-хизматчилар учун ҳам зарур шарт-шароитлар яратилган. Уларнинг меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги, соғлиғини муҳофаза қилиш масалалари доимий эътибор марказида турибди. Тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари зарур ёрдамларни кўрсатмоқда, хавфсизлик талабларига қатъий риоя этилишини таъминламоқда. Бу эса қурилиш ишларининг сифатли ва бехатар ташкил этилишига хизмат қилмоқда.
– Илгари муаммо чиққанда йўллар ковланиб, таъмирлаш ишлари ҳафталаб давом этарди, – дейди Ўзбекистон кўчасида яшовчи, уй бекаси Нигорахон Аҳмадалиева. – Янги тармоқ ишга тушгач, бундай муаммолар камайишига ишонамиз.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги ўрнатилаётган қувурлар юқори босимга чидамли, хизмат муддати узоқ ҳамда эксплуатация нуқтаи назаридан анча ишончли ҳисобланади. Бу эса кейинги йилларда авария ҳолатларини кескин камайтириш, таъмирлаш харажатларини қисқартириш, коммунал хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқиш имконини беради. Энг муҳими, бугун амалга оширилаётган ушбу кенг қамровли ишлар нафақат бугунги кун эҳтиёжини қондиришга, балки келгуси авлодларни ҳам мустаҳкам муҳандислик инфратузилмаси билан таъминлашга хизмат қилади.
Лойиҳа тўлиқ якунлангач, ана шу ҳудуддаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган бир неча ўн минг нафардан зиёд аҳолининг турмуш шароити янада яхшиланади. Энг муҳими, шаҳарнинг асосий оқова сув тизими замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган даражага келтирилиб, коммунал хизматлар фаолиятининг барқарорлиги таъминланади. Бу эса инсон қадрини улуғлаш, шаҳар инфратузилмасини замон билан ҳамнафас ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати изчил амалга оширилаётганининг яна бир ёрқин намунасидир.
Марҳабо Насриддинова,
“Андижон сув таъминоти” МЧЖ ахборот хизмати раҳбари.
ЎзА