Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон божхонасидаги ислоҳотларни баҳолайди
Божхона қўмитасида Халқаро валюта жамғармасининг техник миссияси ўз ишини бошлади. Мазкур ташриф мамлакатимизда божхона маъмуриятчилигини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, хавфларни бошқариш тизимини ривожлантириш ва рақамли технологияларни кенг жорий этишга қаратилган навбатдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Учрашувда Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Н.Мусамуҳамедов бошчилигидаги қўмита вакиллари ҳамда Халқаро валюта жамғармасининг Фискал ишлар департаменти эксперти, техник миссия раҳбари Муҳаммад Эҳтешамул Ҳоқ бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Музокаралар давомида мамлакатимиз божхона тизимида сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, хавфларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, божхона аудитини ривожлантириш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, ахборот-коммуникация технологиялари ва киберхавфсизликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Божхона қўмитасининг ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар Халқаро валюта жамғармаси билан йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик божхона маъмуриятчилигини модернизация қилиш, замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш, илғор хорижий тажрибаларни миллий амалиётга татбиқ этиш ҳамда ташқи савдо жараёнларини соддалаштиришда муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади.
Техник миссия доирасида Божхона қўмитасининг Хавфларни бошқариш, Божхона аудити, Ахборот-коммуникация технологиялари ва киберхавфсизлик, Стратегик режалаштириш ҳамда божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш йўналишларида фаолият юритувчи мутахассислар иштирокида амалий учрашувлар, тақдимотлар ва экспертлар муҳокамалари ўтказилиши режалаштирилган.

Мазкур техник миссия 2026 йил 31 июлга қадар давом этади. Унинг якунлари бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА