Халқаро ҳамкорлик натижаси: Ўзбекистонда оналар ўлими кескин камайди
Ўзбекистонда оналик ва репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш борасидаги ислоҳотлар халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда. Бу йўналишда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аҳолишунослик жамғармаси – “United Nations Population Fund” (UNFPA) билан ҳамкорлик тобора мустаҳкамланмоқда.
Юртимизга ташриф буюрган БМТ Бош котиби ўринбосари, UNFPA ижрочи директори Диене Кейта бошчилигидаги делегация Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб, соғлиқни сақлаш вазири Элдор Одилов билан учрашди. Мулоқотда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ўзгаришлар, халқаро шериклик натижаси атрофлича муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, 2021-2025 йилларга мўлжалланган “Мамлакат дастури” доирасида UNFPA томонидан оналик ва репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш учун 12 миллион доллар йўналтирилган. Шу маблағ ҳисобидан мамлакатдаги 231 перинатал муассаса 3500 дан зиёд замонавий тиббий жиҳоз билан таъминланди. Энг муҳими, ижобий ўзгариш фақат инфратузилма билан чекланиб қолмади. Ҳамкорлик доирасида 17 000 нафар тиббиёт ходими қайта тайёрланди, 30 дан ортиқ клиник протокол ва қўлланма халқаро стандарт асосида янгиланди.
[gallery-29409]
Мутахассислар таъкидлаганидек, репродуктив ёшдаги аёллар ва туғилажак болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича ягона вертикал бошқарув тизими жорий этилиши тизимли ислоҳотнинг энг муҳим босқичларидан биридир. Айни чоралар натижасида юртимизда оналар ва гўдаклар ўлими кўрсаткичи кескин камайди. Бу борада Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг ўрни алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда марказ ва муассасанинг қатор ҳудудий филиаллари халқаро аккредитациядан ўтгани республикамизда аёллар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати халқаро мезонга мослашаётганининг яққол тасдиғи сифатида баҳоланмоқда.
Учрашувда келгусидаги устувор йўналишлар ҳам белгилаб олинди. Хусусан, антенатал парвариш тизимини такомиллаштириш, акушерлик амалиётига илғор протокол ва стандартни жорий этиш, аёллар ўртасида саратон касалликларини эрта аниқлаш дастурларини кенгайтириш ҳам муҳокама марказида бўлди. Шунингдек, ўсмирлар ва ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш, профилактика ва тиббий маърифатни кучайтириш бўйича қўшма таълим дастурларини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Мулоқот чоғида давлатимиз раҳбари яқинда имзолаган фармон асосида клиник аудит бўйича мустақил инспекция ташкил этилишига ҳам алоҳида урғу берилди. Шу муносабат билан акушерлик амалиётидаги ўта оғир ҳолатлар аудити ва оналар ўлими ҳолатларини махфий таҳлил қилиш механизмларини аудит жараёнига интеграциялашда UNFPA билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва UNFPA ўртасидаги шериклик фақат тиббий ёрдам билан чекланмасдан, аёллар саломатлиги, миллат генфонди ва келажак авлод тақдирига дахлдор узоқ муддатли стратегик ҳамкорликка айланаётганини яна бир бор намоён этди.
Мусулмон Зиё, Носиржон Хайдаров (сурат), ЎзА