Халқаро эътироф: рақамлаштириш, соддалаштириш ва интеллектуал божхона самараси
Сўнгги йилларда янги Ўзбекистон божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакат ташқи савдо сиёсати, иқтисодий очиқлик, инвестициявий жозибадорлик ва халқаро интеграция жараёнларининг муҳим таркибий қисмига айланди.
Авваллари экспорт учун ҳужжатларни тайёрлаш 96 соат, импорт учун эса 150 соатгача вақт талаб қилиб, иқтисодий ривожланган давлатлар амалиётига нисбатан 5-6 баробар юқори эди. Хавфларни бошқариш тизими етарли такомиллашмагани сабаб юкларнинг қарийб 70 фоизи жисмоний текширувдан ўтказилар, бу эса вақт йўқотиш, навбатлар ва субъектив қарорлар хавфини оширар эди.
Айнан шу муаммолар божхона маъмурчилигини рақамлаштириш, инсон омилини қисқартириш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун тезкор ва шаффоф муҳит яратиш заруратини кучайтирди. Натижада «Тартибли тадбиркор – адолатли божхона» тамойили асосида давлат ва бизнес ўртасида ишончни мустаҳкамлашга қаратилган янги бошқарув модели шаклланди.
Рақамлаштириш натижалари: интеллектуал божхона сари
Халқаро эътирофнинг асосий омили – божхона маъмурчилигида рақамли трансформациянинг изчил амалга оширилаётгани. 2023-2025 йиллар давомида Божхона қўмитаси республика миқёсида рақамлаштириш йўналишида ўтказилаётган идоралараро рейтинг баҳолаш тизимида изчил равишда 1-ўринни эгаллаб келмоқда. Бу кўрсаткич тизимда рақамли ечимлар фақат техник восита сифатида эмас, балки институционал янгиланиш ва бошқарув самарадорлигини ошириш омили сифатида қўлланилаётганини тасдиқлайди.
Божхона органларида 176 та янги дастурий маҳсулот ишлаб чиқилди. Божхона объектлари 35 турдаги 19 мингтага яқин назорат техник воситалари билан жиҳозланди. Чегара постларида 45 та электрон тарози, автотранспортларнинг давлат рақамини автоматик аниқловчи 107 та камера ва 29 та инспекцион кўрик мажмуаси ишга туширилди. Натижада 2025 йилнинг 10 ойида 3 млндан ортиқ автотранспорт ва 2 млнга яқин темир йўл вагонидаги товарларга оид маълумотлар «Транспорт назорати» тизимига инсон омилисиз киритилди.

2024 йилда «Экспорт уч қадам» тизими жорий этилиб, экспорт жараёнидаги 9 босқичли назорат 3 босқичга қисқартирилди. 2025 йил апрелдан тўлиқ ишга туширилган божхона юк декларацияларининг авторасмийлаштирув тизими эса соҳада муҳим бурилиш нуқтаси бўлди: божхона жараёнларида инсон аралашуви 75 фоизга, расмийлаштирувга сарфланган ўртача вақт 65 фоизга қисқарди.
Халқаро аэропортларда йўловчилар оқими йиллик 2,5 миллион нафардан 8,7 миллион нафарга ошган шароитда «Масофавий божхона назорати» тизими ва 44 та авиакомпания билан маълумот алмашинуви йўлга қўйилиши натижасида йўловчиларни божхона назоратидан ўтказиш вақти 25 дақиқадан 5 дақиқагача қисқарди. Бу божхона назорати самарадорлиги ошган ҳолда хизмат кўрсатиш тезкорлиги ҳам таъминланаётганини кўрсатади.
«Э-Транзит» тизимининг жорий этилиши ҳам ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун муҳим қулайлик яратди. Электрон транзит орқали рухсат этиладиган ҳужжатларни автоматик тақдим этиш, мантиқий назорат функциялари ва транзит жараёнларини реал вақтда кузатиш имконияти ортиқча қоғозбозликни камайтирди ҳамда чегарадаги назорат жараёнларини тезлаштирди.
Иқтисодий самара ва божхона назорати натижадорлиги
Божхона тизимидаги ислоҳотлар ташқи савдо ҳажми, бюджет тушумлари ва назорат натижадорлигида ҳам яққол акс этди. 2020–2025 йилларда товарлар ташқи савдо айланмаси 2 баробарга ортди. 2025 йилда божхона тўловларидан тушум 76,2 триллион сўмни ташкил этиб, 3 баробарга ошди. Шу билан бирга, сўнгги тўрт йилда божхона юк декларацияларини расмийлаштирувчи ходимлар сони 40 фоизга қисқарган бўлса-да, расмийлаштирувга қадар ундирилган қўшимча божхона тўловлари миқдори 5,5 баробарга ошди.
Кўриклар сони 20 фоизга камайган ҳолда уларнинг натижадорлиги 10 баробардан зиёдга ўсди. Рентген тасвирларини таҳлил қилиш орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар сони 3,5 баробарга, уларнинг қиймати эса 2 баробарга кўпайди. Бу рақамлар замонавий техник воситалар, маълумотлар таҳлили ва хавфларни бошқариш механизмлари назоратни оммавий текширувдан мақсадли ва натижадор назорат моделига ўтказаётганини англатади.
Яширин иқтисодиётга қарши курашиш йўналишида ҳам сезиларли натижаларга эришилди. Сўнгги тўрт йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда 2 172 та ҳолатда 13 тонна гиёҳвандлик воситалари ва 1,5 тонна психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига чек қўйилди. Ўзбекистон телекоммуникациялари тармоқларини бошқариш республика маркази (UZIMEI тизими) билан ҳамкорлик натижасида мобил қурилмаларнинг расмий импорти 2,5 баробарга ошди.
Электрон тижоратнинг ўсиши ҳам божхона тизими олдига янги вазифаларни қўймоқда. Сўнгги тўрт йилда халқаро курьерлик жўнатмаларини қабул қилувчилар сони 3 баробарга, жўнатмаларнинг умумий сони 5 баробарга ошди. Шу муносабат билан электрон савдо майдончалари орқали харид қилинаётган товарларни божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказишга ихтисослаштирилган «Электрон тижорат» божхона постининг ташкил этилиши замонавий савдо моделларига мослашишнинг муҳим қадами бўлди.
Экспортни рағбатлантириш ва импортни оптималлаштириш
Божхона ислоҳотлари нафақат назорат ва расмийлаштирув самарадорлигини, балки миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» режимидан фойдаланган тадбиркорлар сони 2020 йилдаги 75 тадан 2025 йилда 458 тага, яъни 6 баробарга кўпайди. Ушбу режим доирасида қайта ишлаб экспорт қилинган маҳсулотлар қиймати 181 млн доллардан 1,5 млрд долларга, қарийб 8 баробарга ошди ва умумий экспортда қайта ишланган товарлар улуши 10 фоиздан ортди.
Маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни рағбатлантириш мақсадида 2025 йил 7-9 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида «Маҳаллий контентни оширишда импортни оптималлаштириш» номли биринчи халқаро кўргазма ташкил этилди. Унда 8 200 нафардан зиёд маҳаллий тадбиркорлик субъекти, шунингдек 37 та давлатдан 50 дан ортиқ йирик халқаро компания вакиллари иштирок этди.

Кўргазма доирасида умумий импорт ҳажми 18 миллиард доллардан ортиқ бўлган 3 мингдан зиёд юқори импорт товарлари ҳақида 24 та тематик блок бўйича манзилли маълумотлар тақдим этилди. Якунлар бўйича 26 та йўналишда 208 та корхона томонидан импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳалари режалаштирилди, тижорат банклари томонидан 42,5 млн долларлик 10 та лойиҳани молиялаштириш бўйича кредит келишувлари тузилди.
Халқаро рейтинглардаги ўсиш ва институционал очиқлик
Божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро рейтингларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Transparency International (Коррупцияга қарши курашиш ва шаффофликни таъминлаш бўйича халқаро нодавлат ташкилот) томонидан эълон қилинадиган «Коррупцияни қабул қилиш индекси»да Ўзбекистон сўнгги тўрт йилда 25 поғонага юқорилаб, 146-ўриндан 121-ўринга кўтарилди. Жаҳон банкининг Логистика самарадорлиги индексидаги «Божхона самарадорлиги» компоненти бўйича эса мамлакатимиз 140-ўриндан 74-ўринга кўтарилиб, 66 поғоналик ўсишни қайд этди.
БМТнинг Электрон ҳукумат ривожланиш индексида Ўзбекистон «жуда юқори» ривожланиш даражасига эга давлатлар қаторига кирди. 2024 йилги «Очиқлик индекси» натижаларига кўра, Божхона қўмитаси мамлакатдаги 98 та давлат ташкилоти орасида 5-ўринни эгаллади. Бу очиқлик, шаффофлик ва жамоатчилик билан мулоқот соҳасидаги тизимли ишлар халқаро ва миллий баҳолашларда ҳам намоён бўлаётганини кўрсатади.
Халқаро ташрифлар, экспертлик баҳолари ва ҳамкорликнинг янги босқичи
2024-2025 йилларда Божхона қўмитасида фаолиятни баҳолаш, икки томонлама музокаралар ўтказиш, техник ёрдам ва грант лойиҳаларини муҳокама қилиш, шунингдек Ўзбекистон божхона органларининг амалий тажрибасини ўрганиш мақсадида хорижий давлатлар божхона хизматлари, бошқа давлат органлари вакиллари ҳамда халқаро ташкилотлар экспертларининг жами 154 та ташриф ва учрашувлари ташкил этилди.
Ушбу ташрифлар мазмунан фақат расмий мулоқотлар билан чекланмади. 39 та муҳим учрашув божхона назорати, рақамлаштириш, техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш, грант лойиҳалари, кадрлар тайёрлаш, божхона экспертизаси, хавфларни бошқариш ва расмийлаштирувдан кейинги аудит йўналишларини қамраб олди. Жумладан, 16 та ташриф халқаро ташкилотлар, хусусан Халқаро валюта жамғармаси экспертлари иштирокида божхона назорати жараёнларини рақамлаштириш ва самарадорликни баҳолашга қаратилди. Шунингдек, 15 та учрашув икки томонлама алоқалар, техник ёрдам ва халқаро лойиҳаларда ҳамкорлик масалаларига бағишланган бўлса 8 та ишчи учрашув Ўзбекистон божхона тажрибасини ўрганиш мақсадида ташкил этилди.
Ташрифлар географияси АҚШ, Беларусь, Грузия, Корея, Малайзия, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон, Қозоғистон, Эрон ва Япония каби давлатларни қамраб олди. Халқаро ташкилотлар кесимида БМТнинг Наркотик моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Жаҳон божхона ташкилоти, Евросиё иқтисодий иттифоқи, МДҲ, Туркий давлатлар ташкилоти, ЕҲХТ, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва Япония Халқаро Ҳамкорлик Агентлиги (JICA) билан фаол ҳамкорлик олиб борилди.
Алоҳида эътиборли жиҳат шундаки, Грузия, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон божхона хизматлари ҳамда бошқа давлат органлари вакиллари Ўзбекистон божхона хизматининг рақамлаштириш соҳасидаги тажрибасини ўрганиш учун ташриф буюрдилар. Бу Ўзбекистон божхона тизими минтақавий даражада тажриба алмашиш майдонига айланиб бораётганини кўрсатади.
Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва Россия молия вазирлиги Илмий-тадқиқот институтининг 8 нафар эксперти, шунингдек ташқи иқтисодий фаолият ва божхона ишини тартибга солиш бўйича халқаро экспертлар томонидан Божхона қўмитаси фаолиятининг самарадорлиги ўрганилиб, ижобий хулоса ва тавсиялар берилгани халқаро ишончнинг амалий ифодасидир.
Жорий йилдан бошлаб Қозоғистон, Туркия, Хитой Халқ Республикаси ва Бельгия Қироллигидаги элчихоналарда божхона масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимлари жорий этилиб, ушбу лавозимларда етук мутахассислар иш бошлади.
Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликда жорий ийл 7-Глобал кинология форумини Ўзбекистонда ўтказиш, қўшни давлатлар билан ваколатли иқтисодий операторларни ўзаро тан олиш бўйича шартномалар тузиш каби вазифалар божхона дипломатиясининг янги босқичини бошлаб беради.
Ўзбекистон божхона тажрибасининг халқаро эътирофи тасодифий жараён эмас, балки рақамлаштириш, институционал ислоҳотлар, бизнес жараёнларни соддалаштириш, хавфларни бошқариш ва халқаро стандартларга мос кадрлар тайёрлаш бўйича тизимли ишлар натижасидир.
Хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистон божхона амалиётига қизиқиши ортиб бораётгани ушбу ислоҳотларнинг халқаро майдонда эътироф этилаётганини яққол кўрсатади.
Ўзбекистон божхона тизими анъанавий маъмурий назорат моделидан рақамли, таҳлилга асосланган ва интеллектуал бошқарув моделига ўтаётганини кўрсатади. Мазкур жараён ташқи савдо салоҳиятини кенгайтириш, экспортёрларни қўллаб-қувватлаш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш ва мамлакатнинг халқаро иқтисодий интеграциясини чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Ғайрат Насиров,
Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари