Халқаро биология олимпиадаси ғолиблари аниқланди
Янги Ўзбекистонда Учинчи ренессанс даврига пойдевор қўйиш, мамлакатимизда илм-фан ва ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.
Бу Наманганда бир ҳафта давом этган, жаҳоннинг етакчи ёш билимдонларини ўзига жамлаган Абу Али Ибн Сино халқаро биология олимпиадасида яна бир карра ўз ифодасини топди.
Дунё миқёсидаги ўзига хос илм-фан тадбирида юртимиз вакилларидан ташқари Озарбайжон, Туркия, Беларусь, Россия Федерацияси, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Таиланд, Малайзия, Мўғулистон сингари ўндан ортиқ давлатлардан келган 94 нафар ўқувчи ўз салоҳиятини синовдан ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси ҳамда Наманган вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли олимпиаданинг назарий ва амалий жараёнлари Наманган шаҳридаги “TURAN” халқаро университетида юқори савияда, кўтаринки руҳда ўтказилди.
Билимлар мусобақасининг тантанали ёпилиш маросимида Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова, Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов эътироф этганидек, мазкур ўзига хос ақлу заковат танлови буюк бобокалонимиз, тиб илми асосчиси, қомусий олим Абу Али Ибн Сино қолдирган бой маънавий меросни чуқур ўрганиш, табиий фанлар сирасига кирувчи биологияга қизиқувчи ўғил-қизларни рағбатлантириш, зукко авлодни тарбиялаш ҳамда уларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришда алоҳида ўрин тутади. Қолаверса, бу йирик анжуман ўқувчиларнинг илмий рақобат асносида маданий ва интеллектуал тажриба алмашинуви учун кенг имкониятлар яратади.
Жаҳон андозаларига мос тарзда, аъло даражада ўтказилган олимпиаданинг лаборатория имтиҳонларида 12 давлатдан келган юзга яқин ўқувчилардан иборат жамоалар қатнашиб, 180 дақиқа давомида микробиология ва биоинформатика йўналишлари амалий кўникмаларини намоён қилди. Замонавий илмий ёндашувлар асосида бўлган жараёнларда иштирокчиларнинг назарий билимларини амалий тажриба билан уйғун ҳолда баҳолаш имконини берди. Олимпиаданинг назарий қисми, яъни иккинчи тури ёзма иш (назарий) шаклида ўтказилиб, иштирокчиларга турли қийинлик даражасидаги 45 та топшириқ ва уларни ишлаш учун тўрт соат вақт ажратилди. Жараёнларни дунёнинг турли бурчакларидан таклиф этилган профессор олимлар ва халқаро экспертлардан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари синчковлик билан кузатиб боришди.
– Инглиз ва турк тилларида бемалол сўзлаша оламан. Болалигимдан шифокорлик касбига меҳр қўйганман, бунинг учун астойдил билим оляпман. Айниқса, кардиохирургия йўналишига қизиқишим бўлакча, – дейди Фарғона шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернатининг 9-синф ўқувчиси Ниёзбек Убайдуллаев. – Ватанимизда ўтказилган навбатдаги нуфузли олимпиадага Ўзбекистон терма жамоасининг 16 нафар вакили қаторида Тошкентдаги Фан олимпиадалари марказида етакчи олимлар, устоз педагоглар кўмагида қизғин тайёргарлик кўрдим. Ҳудудий ҳамда республика биринчи ва иккинчи саралаш синовларидан муваффақиятли ўтган фаол иштирокчи сифатида халқаро биология олимпидасида юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб, фахрли учинчи ўрин, яъни бронза медалига сазовор бўлганимдан бағоят мамнунман. Дарҳаққат, бу каби олимпиадалар иқтидор соҳибларига илҳом бағишлайди.
Олимпиада натижаларига кўра, Ўзбекистон терма жамоасининг иқтидорли билимдон ёшлари 2 та олтин, 3 та кумуш ва 6 та бронза, жами 11 та медални қўлга киритдилар. Хусусан, якуний натижаларига кўра, энг юқори баллга эришган Нурсултон Ашуралиев ва Муродбек Латипов олтин медалларни олишга сазовор бўлишди.
Абу Али Ибн Сино халқаро биология олимпиадасида ўз зукколиги, билимдонлиги ва юксак заковатини тўлақонли намоён қилган Россия Федерацияси терма жамоаси аъзоси Владислав Владийко амалий ҳамда назарий синовларда мутлақ ғолибликни қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, Ибн Сино олимпиадасида олтин медаль соҳибига – 4,944 милллион сўм, ўқитувчисига – 20,6 миллион сўм; кумуш медаль соҳибига — 3,296 миллион сўм, муаллимига – 14,42 миллион сўм; бронза медаль соҳибига – 2,472 миллион сўм, ўқитувчисига – 12,36 миллион сўм тақдим этилади. Шунингдек, халқаро ва минтақавий халқаро олимпиада совриндорлари олий таълим муассасаларига ўқишга киришда ўз фанидан максимал баллга эга бўлади.
[gallery-29002]
Бир сўз билан айтганда, илм-фанга ғамхўрлик, ёшларга ишонч ва келажакка қаратилган стратегик ёндашувнинг ёрқин ифодаси бўлган шиддатли академик жараёнлар, қизғин лаборатория машғулотлари ҳамда ёрқин ҳаяжонли амалий лавҳаларга бой кечган олимпиада биология фани бўйича шу йил июль ойида Литвада ўтадиган халқаро биология олимпиадасига тараддуднинг муҳим босқичи ҳисобланади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА