Халқ мулкини ўз манфаатлари йўлида сарфлаган мансабдор шахсга тайинланган жазо кечирилмайди
Бундай шахслар тайинланган жазони тўлиқ ва ҳеч қандай имтиёзларсиз ўташи шарт
2026 йил 23 июнда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
Қонун билан қандай ўзгаришлар амалиётга киритилди? Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

– Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган жиддий таҳдид эканлиги қайд этилиб, 2026 йилда бу иллатга қарши курашиш бўйича “фавқулодда ҳолат” эълон қилинди.
Шунга қарамай, айрим соҳаларда коррупция даражаси ҳамон юқорилигича қолаётгани бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишни талаб этмоқда. Бу эса коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш ҳамда ёш авлоднинг ҳуқуқий онг ва маданиятини юксалтириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Қонун мамлакатимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини жиноий тажовузлардан ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат бошқаруви ва иқтисодий соҳада қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги стратегик аҳамиятга эга бўлган ҳужжат ҳисобланади.
– Қайси қонун ҳужжатларига ўзгаришлар киритилди ва улар нималардан иборат?
– Қонун 12 моддадан иборат бўлиб, Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ҳамда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”, “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунларнинг қатор моддаларига ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди.
Қонун билан киритилган энг муҳим ўзгартиришлардан бири – Жиноят кодексининг 73-моддаси, яъни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш институтига тегишлидир.
Шу пайтгача амал қилган тартибга кўра, ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ёки оғир жиноят содир этган маҳкумлар қонунда белгиланган муайян муддатларни ўтаб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганларида жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилиши мумкин эди.
Янги қонун билан Жиноят кодексининг 73-моддаси тўртинчи қисми янги банд билан тўлдирилди. Унга кўра, коррупциянинг энг хавфли ва жамият илдизига болта урувчи жиноятлари, шунингдек, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ёхуд жуда кўп миқдорда пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш нормаси татбиқ этилмайди.
Яъни, давлат маблағлари, халқ мулкини ўз манфаатлари йўлида сарфлаган мансабдор шахс ўзига тайинланган жазони тўлиқ ва ҳеч қандай имтиёзларсиз ўташи шарт. Бу норма жамиятда адолат мезонларини тиклаш ва мансабдор шахслар ўртасида қонун устуворлиги туйғусини шакллантиришда муҳим ўрин эгаллайди.
– Ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлик жинояти бўйича жазони ўташ тизимида қандай янгилик жорий этилди?
– Қонунда ушбу жиноий қилмишларнинг квалификация белгилари қайта кўриб чиқилмоқда ва уларнинг тоифаси оғирроқ жиноятлар сирасига ўтказилмоқда.
Жиноят кодексининг 167 ва 168-моддаларида кўрсатилган жиноятлар мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилганлиги ушбу моддаларнинг оғирроқ қисмига ўтказилиб, мазкур қилмишлар учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилди. Жумладан, Жиноят кодекси 167-моддаси иккинчи қисми “г” бандида назарда тутилган “мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан” содир этилган ўзлаштириш ёки растрата жинояти ушбу модданинг учинчи қисми “д” бандига кўчирилди.
Бу ушбу қилмиш учун санкцияларнинг сезиларли даражада кучайтирилгани, яъни бу тўғридан-тўғри оғир жиноятлар тоифасига киритилишини англатади.
Худди шундай ёндашув фирибгарлик жинояти содир этилганда ҳам қўлланилади. Жиноят кодексининг 168-моддаси учинчи қисмидаги “хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда” содир этилган фирибгарлик белгиси тўртинчи қисмнинг “г” бандига ўтказилди.
Бунда муҳим ҳуқуқий муаммо ҳал этилди. Амалдаги таҳрирда фирибгарлик жиноятини хизмат мавқеидан фойдаланмасдан содир этган, ҳеч қаерда ишламайдиган шахсларга нисбатан ҳам судлар озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаганда, модда санкциясида муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш мажбурий қўшимча жазо сифатида кўрсатилгани боис, қонун мантиғига зид ҳолатлар юзага келар эди.
Судлар ушбу зиддиятни бартараф этиш учун асослар мавжуд бўлмаса-да, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллашга мажбур бўлаётган эди. Киритилаётган ўзгартириш билан ушбу тизимли хатоликка барҳам берилиб, қонун нормалари амалиётга мослаштирилди.
– Нодавлат секторда коррупцияга қарши курашиш бўйича қандай янгиликлар жорий этилди?
– Нодавлат секторда коррупцияга қарши курашиш тизими тубдан такомиллаштирилди. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг Коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракатлар режаси доирасида берилган тавсияларига асосан, Жиноят кодексига муҳим қўшимча киритилди.
Нодавлат тижорат ташкилоти ёки бошқа нодавлат ташкилоти хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш қилмиши учун муқобил жазо сифатида бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Бу халқаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузини оширишга хизмат қилади.
Жиноят кодексининг тегишли моддаларига янги оғирлаштирувчи квалификация белгиси – “ғаразгўйлик ниятларида содир этилган бўлса” деган қоида киритилди. Киритилаётган ғаразгўйлик белгиси мансабдор шахснинг шахсий манфаатдорлигини аниқ ҳуқуқий баҳолашга имкон беради.
– “Коррупцияга оид жиноятлар” деган янги атама қайси жиноятларни қамраб олди?
– “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда “коррупция”, “коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар”, “коррупция билан боғлиқ жиноятлар”, “коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик”, “коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларни ҳимоя қилиш” каби тушунчалар ишлатилган. Бироқ, Жиноят кодексида “коррупцияга оид жиноятлар”га қайси турдаги жиноятлар кириши назарда тутилмаган.
Шу сабабли, Жиноят кодексининг саккизинчи бўлими “коррупцияга оид жиноятлар” деган янги атама билан тўлдирилди ва қайси жиноятлар коррупцияга оид жиноятлар деб топилиши белгиланди.
Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартиришлар орқали айрим коррупциявий жиноятларнинг оғирроқ тоифага ўтказилиши ва янги квалификация белгиларининг қўшилиши муносабати билан ушбу жиноятларнинг терговга тегишлилик масаласи қайта кўриб чиқилган ва Жиноят-процессуал кодексининг процессуал нормалари моддий қонунчиликка мослаштирилган.
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда давлат хизматчилари фаолиятида манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва уларнинг олдини олишнинг ҳуқуқий механизмлари янада кучайтирилди. Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди.
Ушбу тузилмалар тегишли ташкилот объектларига тўсқинликсиз кириш, аниқланган коррупциявий ҳолатлар юзасидан ходимларни лавозимдан озод этиш ва лавозимга тайинлаш бўйича тақдимнома киритиш каби ваколатларга эга бўлди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига ҳар бир давлат органи ва ташкилотлари, ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупциявий хавф-хатарлар харитасини шакллантириш вазифаси юклатилди.
Қонун жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муҳитни янада кучайтириш, давлат мулки ва бюджет маблағларининг талон-торож қилинишига чек қўйишга хизмат қилади. Ўз навбатида, таълим, ёшлар сиёсати ва давлат харидлари тизимида шаффофлик таъминланади. Ҳар қандай коррупциявий ҳуқуқбузарлик ва жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи амалда таъминланади.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова суҳбатлашди