“Халқ билан бирга”: амалий қадам ва ҳамкорлик
Ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг 2026 йил 2-апрель куни тақдим этилган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури ҳудудларда изчил тарзда кенг тарғиб қилиниб, уни амалиётга жорий этиш бўйича аниқ қадамлар белгиланмоқда.
Жумладан, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Элликқалъа туман Кенгашлари томонидан мазкур дастурнинг мазмун-моҳиятини аҳоли орасида кенг тушунтириш, унинг асосий йўналишларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида тақдимот тадбири ташкил этилди.
Тадбирда туман мутасадди ташкилот вакиллари, маҳалла институти ходимлари, ёшлар ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этди. Унда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли билан манзилли ишлаш тизимини йўлга қўйиш каби муҳим масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Тақдимот давомида дастур доирасида амалга ошириладиган “Юракка йўл” акцияси орқали уйма-уй юриш, аҳоли муаммоларини жойида ўрганиш, мобил штаблар фаолиятини ташкил этиш ва сайёр қабуллар ўтказиш каби вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, “Маҳалла еттилиги” ва ижтимоий хизматлар марказлари билан ҳамкорликни кучайтириш орқали эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш механизмлари белгилаб олинди.
Йиғилишда ёшлар ва хотин-қизларни дастур доирасидаги жараёнларга фаол жалб этиш, жойларда очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари ва ижтимоий акцияларни ташкил этиш орқали аҳоли билан самарали алоқани йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди. Шу билан бирга, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда аҳоли билан мулоқотни янги босқичга олиб чиқиш, онлайн платформалар ва интерактив лойиҳалар орқали фуқаролар фикрини ўрганиш ва уларнинг муаммоларига тезкор ечим топиш вазифалари белгиланди.
Тадбир иштирокчилари — давлат ташкилотлари, ёшлар ва жамоатчилик вакиллари “Халқ билан бирга” умуммиллий дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдириб, уни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр эканликларини таъкидладилар.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.