Ҳафталикнинг “Илм-фан куни” самарали ўтди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Инфолиб Ўзбекистон – 2023" ХII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида “Кутубхона фондини рақамлаштириш, электрон ресурсларга қайта ишлов беришнинг самарали усуллари” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар вилоятлар ҳамда туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари соҳа мутахассислари учун ташкил этилган тадбирда сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар, рақамли технологиялар ёрдамида кутубхона фондини рақамлаштириш, электрон ресурсларга қайта ишлов беришнинг самарали усуллари тўғрисида маълумот берилди.

Ушбу семинар давомида Миллий кутубхона тизимидаги ахборот-кутубхона марказлари ходимларининг сканерлаш ва рақамлаштириш, шунингдек, рақамлаштирилган ресурсларга қайта ишлов бериш жараёнлари ҳақида назарий ва амалий жиҳатдан тажрибаларини бойитиш, жойларда олиб борилаётган мониторинг натижасида аниқланган камчиликларни тезда бартараф этиш чораларини ўқитиш мақсад қилиб олинган.
Сканерлаш ва рақамлаштириш хизмати раҳбари Наврўз Аккузиев бугунги кунда кутубхоначилик соҳасида олиб борилаётган рақамлаштириш жараёнлари, замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда юксак даражада аҳолига замонавий ахборот-кутубхона хизматларини кўрсатиш каби долзарб вазифаларни алоҳида санаб ўтди.
Шунингдек, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда унинг таркибидаги ахборот-кутубхона марказларининг моддий техник базаси замонавий рақамлаштириш қурилмалари билан таъминланганлигини, ҳозирда кутубхонада Германиядан келтирилган энг сўнгги русумдаги 8 турдаги 38 та сканер қурилмалари мавжудлиги таъкидланди.

“Мутахассиснинг фикрича, бу ерда бугунги кунда кутубхонанинг фондинигина рақамлаштириб қолмасдан, балки юртимиздаги йирик архивлар, музейлар ҳамда ташкилот ва идораларнинг ҳужжатларини ҳам аутсорсинг хизмати орқали рақамлаштириш хизмати йўлга қўйган. Шу билан бирга малака ошириш курслари ҳам йўлга қўйилган бўлиб, республикада мавжуд бошқа кутубхонадаги мутахассисларга ҳам ушбу курс давомида рақамлаштиришнинг барча жабҳалари батафсил назарий ҳамда амалий жиҳатдан ўргатилмоқда.
Ҳафталикнинг “Илм-фан куни"да “еdo.ijro.uz идоралараро электрон ҳужжат алмашинув тизимидан фойдаланиш” мавзусида семинар, “Ахборот технологиялари асрида кутубхона кадрларини тайёрлашнинг долзарб вазифалари” мавзусида давра суҳбати, Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчилари иштирокида “Биргаликда китоб ўқиймиз” номли адабий кеча, “Йиғма электрон каталог: Илғор хорижий тажриба ва ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида семинар, “Жаҳон хотираси” дастури: ноёб ҳужжатли меросни сақлаш, рўйхатга номзоднома тайёрлаш” мавзусида семинар, “Юридик адабиётлар публиш” нашриётининг ҳуқуқий адабиётлар тақдимоти ва бошқа кўплаб қизиқарли тадбирлар бўлиб ўтди.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири