Ҳафталикни ўтказишдан кўзланган мақсад нима?
Аввал хабар берганимиздек, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси 30 йиллиги тантаналари доирасида 15-19 ноябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган ишбилармон аёллар бизнес ҳафталиги ўз ишини бошлади.
“Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга муваффақиятли ёндашувлар: Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти тажрибаси” мавзусида бошланган ҳафталик олдидан Миллий матбуот марказида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда “Ҳафталикни ўтказишдан кўзланган мақсад нима?”, “Унда қандай масалалар муҳокама этилади?” каби саволларга мутахассислар томонидан атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ассоциациянинг ривожланиш бўйича раис ўринбосари Бурхон Шерматов ҳафталик доирасида тадбиркор аёлларнинг ҳуқуқий-иқтисодий имкониятларини кенгайтиришда ишбилармон доиралар ва бизнес ҳамжамиятнинг ўрни, гендер тенглиги, кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрни ва тадбиркор аёлларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш каби масалалар муҳокама этилишини таъкидлаб ўтди.
— Ҳафталикнинг асосий мақсади инвестициялар жалб қилиш, яқин ва узоқ хориж ишбилармонлари билан манфаатли савдо алоқаларини ўрнатишда тадбиркор аёлларга кўмаклашишдан иборат, — дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудова. — Ундан ташқари, мамлакат савдо-иқтисодий, туристик имкониятларини тарғиб қилиш, хориждан ташриф буюрган бизнес-тренерлар томонидан ташқи ривожланган бозорларга чиқиш сир-асрорларини аёлларимизга ўргатишдан иборат. Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳафталик тадбиркор аёлларнинг ҳам ҳуқуқий, ҳам иқтисодий билимларини янада оширишга, ўзларига бўлган ишончларини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Таъкидлаш жоизки, 5 нафар ходим билан иш бошлаган ассоциация 30 йил давомида 100 га яқин лойиҳаларни амалга оширишга эришди. Бу лойиҳаларнинг барчаси аёлларга нафи тегадиган, иқтисодий ривожланишига туртки берган лойиҳалардир. Натижалар эса ёмон эмас, 60,3 минг нафар хотин-қизлар тадбиркорлик малакасига эга бўлиб, уларнинг 80 фоизи иш билан банд бўлди.

Бугунги кунда ҳаётимизга тадбиркорликнинг янгидан-янги турлари кириб келмоқда ва бу йўналишларнинг барчаси аёллардан кучли билим, ҳаракат, интилиш талаб қилади. Бу борада тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаб, улар олдида мавжуд муаммоларни бартараф этишда ассоциациянинг роли беқиёс.
Анжуманда тадбиркор аёлларнинг кредит олиш, экспорт, ногиронлиги бор ёш тадбиркор аёлларга кўмак бериш борасида учраётган муаммолар, келгусида режалаштирилган янги лойиҳалар, лидерлик кўникмалари борасида қилиниши режалаштирилган ишлар хусусида ҳам батафсил маълумот берилди.
Ҳафталик ўз ишини давом эттиради.
Нигора Раҳмонова, ЎзА