«Гулистон» клуби мавсумга тайёргарликни кучайтирмоқда
Янгиер шаҳрида «Гулистон» футбол клуби раҳбарияти ташаббуси билан жорий мавсумга тайёргарлик доирасида муҳим ташкилий йиғилиш ўтказилди. Унда клуб президенти Ойбек Ашурматов, бош директор Жаҳонгир Жиямуродов, вилоят Спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Буранов, вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти Рустам Қодиров ҳамда Янгиер шаҳар ҳокимлиги масъуллари иштирок этишди.
Йиғилиш аввалида иштирокчилар Янгиер марказий стадионининг ҳолати билан яқиндан танишиб, инфратузилма имкониятлари, техник ҳолати ва мавжуд камчиликларни атрофлича кўздан кечиришди. Майдон сифати, мухлислар учун ажратилган секторлар, санитария-гигиена шароитлари ва хавфсизлик масалалари эътибор марказида бўлди.

Муҳокамалар давомида клубнинг жорий мавсум олдидан устувор вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, Ўзбекистон кубоги ва Биринчи лига баҳсларига пухта тайёргарлик кўриш, жамоанинг рақобатбардошлигини ошириш ва ташкилий ишлар самарадорлигини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, стадион инфратузилмасини янада яхшилаш, мухлислар учун замонавий ва қулай шароитлар яратиш, ўйинларни юқори савияда ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Жамоанинг ички тартиб-интизоми мустаҳкамланади, ёш футболчилар қўллаб-қувватланади ва маҳаллий мухлислар билан алоқа кучайтирилади.


Масъулларга топшириқлар берилди ва уларнинг ижросини таъминлаш бўйича аниқ муддатлар белгиланди. Бундай ташкилий чоралар «Гулистон» клубининг мавсумда муносиб иштирок этиши ва мухлислар ишончини оқлашида муҳим аҳамиятга эга.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири