"Gulf Times" нашри Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида материал чоп этди
Қатарнинг "Gulf Times" нашри Instagram ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари, тарихий обидалари ва меҳмондўстлик анъаналарига бағишланган пост жойланди.
Материалда чет эллик сайёҳларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортаётгани алоҳида қайд этилади.
Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-сентябрь даврида Ўзбекистонга туристик мақсадларда 10,3 миллион нафардан зиёд чет эл фуқароси ташриф буюрди. Бу ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда 1,7 миллионга кўпдир.
Хусусан, Япониядан келаётган сайёҳлар оқими 1,5 баробарга, АҚШдан — 1,4 баробарга ошди. Германия ва Буюк Британиядан келувчилар сони 25% га, Франциядан — 21% га, Туркиядан — 15% га кўпайди.
Ҳисобот даврида сайёҳлик хизмати экспорти 5,3 миллиард АҚШ долларига етди.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА