Гимнастикачиларимиз жаҳон кубоги босқичи финалида
Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичи давом этмоқда. Мусобақанинг гуруҳ машқларида Ўзбекистон терма жамоаси 5 та тўп дастури бўйича финалга йўлланмани қўлга киритди.
Шунингдек, жаҳон кубоги босқичининг яккаликлар ўртасидаги кўпкураш дастурида Ўзбекистон терма жамоасининг икки нафар аъзоси иштирок этди. Қайд этилган натижаларга кўра, Тахмина Икромова 4, Лола Жўраева эса 9-ўриндан жой олди. Бугун, яккаликлар ўртасида алоҳида жиҳозлар дастури бўйича финал баҳслари ўтказилади. Унда ҳамюртларимиз совринли ўринлар учун кураш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Тошкентда ўтган жаҳон кубоги босқичда Тахмина Икромова кўпкураш баҳсларида бронза, алоҳида жиҳозлар дастури бўйича 2 та олтин, 1 та кумуш медалини қўлга киритган бўлса, Лола Жўраева 2 та бронза медалга сазовор бўлган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА