Гилоснинг серҳосил нави етиштирилмоқда
Маълумки, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари томонидан аҳоли хонадонларида “хонадонбай” илмий лойиҳалари амалга оширилмоқда. Мақсад – илм-фан ютуқларини бевосита аҳоли хонадонларида, шахсий томорқаларга татбиқ этишдир.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг Тошкент туманидаги 10 та хонадонда “Тошкент туманида in-vitro шароитида кўпайтирилган гилоснинг “Кримски-5” пайвандтагида стандарт талабларига мос кўчат етиштириш, кўчатчиликни йўлга қўйиш ва хонадонлар даромадини ошириш” мавзусида бир йиллик инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда мазкур ҳудудда соҳадаги илм-фан ва инновацияни хонадонларга олиб кириш ва уларни кўчатчилик фаолияти билан яқиндан таништиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, пайвандлаш усуллари ва кўчатхоналарда амалга ошириладиган агротехник тадбирларни илмий асосланган холда ўргатиш ишларига ёш мутахассислар ва боғбонлар ҳам жалб қилинмоқда.

Ҳозир хонадонларда жорий йилнинг 10-август ойида куртак пайванд қилинган пайвандтагларнинг тутувчанлиги Тошкент илмий-тажриба станцияси олимлари томонидан ўрганилмоқда. Бу пайвандтагларда бажариладиган агротехник тадбирлар бўйича хонадон эгаларига илмий тавсиялар берилмоқда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бугун боғдорчиликка қўшимча даромад, дастурхонга номига мева бериб турадиган фаолият тури, деб эмас, ҳақиқатда даромадли бизнес дея қараш вақти келди. Шундагина бизда боғдорчиликни янги босқичга олиб чиқиш мумкин, – дейди мутахассис ва олимлар.
А.Мусаев, ЎзА.