Географик объектлар тарихий номи билан аталиши муҳимдир
Мамлакатимизда географик объектларнинг номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш, қишлоқ, шаҳар ҳамда турли жойларнинг тарихий номларини тиклаш, уларнинг ҳақиқий номи билан аташ борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
ЮНЕСКО маълумотига кўра, ҳозирги кунда дунёда 7 мингга яқин тил мавжуд бўлиб, улардан 200 га яқини давлат тили мақомига эга. Улар орасида она тилимиз ўзбек тилининг ҳам борлиги қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради. Бу тилимизнинг нуфузини ошириш билан бирга, қадим тарихга эга эканлигини ҳам кўрсатади. Кейинги йилларда географик объектларнинг тарихий номларини тиклаш, давлат тилига мослаштириш, тегишли масканларга тарихий номини бериш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишдаги ишларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонунларида ҳамда Президент, Вазирлар Маҳкамасининг соҳага оид қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қонунчиликда белгиланган талабларга тўғри ёндашган ҳолда давлат тилига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар, қонунбузилишлар ёхуд бепарволик ҳолатларининг олдини олиш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини таъминлаш мақсадида вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари қошида қатор идоралар билан ҳамкорликда ташкил этилган ишчи гуруҳлар ҳамда комиссиялар аъзолари билан ҳамжиҳатликда зарур ишлар олиб борилмоқда.
Масалан, олиб борилган ишлар натижасида Марҳамат туманидаги “Дурафшон” маҳалла фуқаролар йиғинининг аввалги номи, яъни тарихий аҳамиятга эга бўлган “Шукурмерган” номи қайта тикланди, географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича туман комиссиясининг қарори билан маҳалла номи “Шукрмерган” деб ўзгартирилди.
Бу каби жараёнларда ҳудудлардаги географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича комиссиялар ўша ҳудуд аҳолисининг хоҳиш-истаклари, мурожаатлари, маҳалла фаоллари ва нуронийларининг тарихий маълумотларига асосланган ҳолда иш олиб бормоқда. Вилоятдаги қатор жойларнинг тарихий номлари тикланганлигида юртдошларимиз беҳад мамнун бўлмоқда. Қолаверса, маҳалланинг тарихий номи тикланиши билан тарихимиз, бебаҳо маънавий қадриятларимиз ҳам тикланмоқда.
Ҳозирда бу борадаги ишлар Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида изчил ва тизимли равишда олиб борилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 январдаги “Мамлакатимиздаги айрим географик объектларнинг номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш ҳамда янги ном бериш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур қарорда Булоқбоши, Хўжаобод туманлари ҳудудидаги Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида, яъни Қиртош тоғ тизмасининг ғарбида жойлашган Қирқустун ҳамда Чилустун тоғ тизмасининг шарқида жойлашган Қиртош тоғ чўққиларини номлаш бўйича вазифалар белгиланган.
Зеро, бу тоғ тизмаларининг қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегара ҳудудида жойлашганлиги амалга оширилаётган ишларнинг қанчалик геосиёсий ва глобал аҳамиятга эга эканлигини белгилаб беради.
Айтиш керакки, ушбу географик объектлар, яъни чўққилар тегишли қарор асосида тарихий номлари билан аталадиган бўлди.
Аъзамжон Ҳамрақулов,
Андижон вилоят ҳокимининг Маънавият ва давлат тили бўйича маслаҳатчиси.
ЎзА