Ғазода сиёсий бурилиш: ҲАМАС ҳудудни бошқаришдан воз кечмоқда
Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати қарийб йигирма йилдан буён Ғазо секторини бошқариб келган ҳукумат идораси тугатилганини эълон қилди.
Ушбу қарор урушдан вайрон бўлган ва қамал остидаги ҳудудда фуқаролик бошқарувини амалга ошириш учун технократ мутахассислар қўмитаси фаолиятига йўл очиш мақсадида қабул қилинди.
Душанба куни эълон қилинган бу қадам ҲАМАС учун жиддий сиёсий ўзгариш ҳисобланади. Ҳаракат 2006 йилги қонунчилик сайловидаги ғалабасидан сўнг 2007 йил рақиб гуруҳ – “Фатҳ” ҳаракати билан тўқнашув ортидан Ғазо назоратини қўлга олган.
Ҳозирча ташкилот қуролсизланиши масаласи очиқ. Ғазо ҳукумати медиа идораси тарқатган баёнотга кўра, фавқулодда вазиятлар қўмитаси раҳбари Муҳаммад Ал-Фарра лавозимидан расман истеъфо берган ва тузилма тарқатилган. Мазкур чора келишилган маъмурий ўтиш жараёнини тезлаштириш ва томонлар нияти жиддийлигини кўрсатиш учун зарур. Бу ҳақда “Al Jazeera” нашри хабар берган.
ҲАМАС расмийлари АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган, Исроилнинг Ғазодаги урушини тугатишга қаратилган режа асосида тузилган “Ғазони бошқариш бўйича миллий қўмита” (NCAG) тезроқ иш бошлашини истаяпти. Тузилма матбуот котиби Ҳазим Қосим “Франс-Пресс” (AFP) агентлигига берган интервьюсида Ғазони бошқариш масъулияти топширилиши орқали босқинчи кучлар қирғинбарот урушни давом эттириш учун баҳона топишига йўл қўймаслик мақсади кўзлангани, ҳаракат масъулиятни миллий қўмитага топширишга тўлиқ тайёр эканини таъкидлади.
“Al Jazeera” мухбири Ҳани Маҳмуд Ғазо шаҳридан хабар беришича, бу қарор сиёсий жиҳатдан жуда муҳим бўлиб, музокарани олдинга силжитиш учун ҲАМАС томонидан ён босилиши сифатида баҳоланмоқда. Шу тариқа ҳокимиятда юзага келган бўшлиқни тўлдириш учун технократлар қўмитаси Ғазога келишига замин яратилади.

Бинобарин, ҲАМАС сиёсий ёки ҳарбий мавқеидан бутунлай воз кечмоқчи эмас, шунчаки фуқаролик ҳукуматини бевосита бошқаришдан чекинмоқда. Ғазони бошқариш бўйича миллий қўмита раҳбари Али Шаъс баёнотни олқишлади ва барча зарур ресурс ҳамда имконият яратилиши билан миллий масъулиятни зиммасига олишга тайёрлигини билдирди.
АҚШ томонидан ташкил этилган Ғазода тинчлик кенгаши олий вакили Николай Младенов эса декларациядан амалиётга ўтиш кўприги сифатида айни қарор режа ижросини якунлаш нақадар муҳимлигини кўрсатишига урғу берди. Ҳозиргача миллий қўмита Исроил қаршилиги сабаб сектор ташқарисида фаолият юритиб келаётган эди. Зеро, Исроил ҳукумати Ғазода ҲАМАС бошқарувига ҳам, айни пайт Ғарбий соҳилни назорат қилаётган Фаластин миллий маъмурияти бевосита ҳокимият тепасига келишига ҳам рози эмас.
Ф.Яхшибоева, ЎзА