Газ таъминотида рақамлаштириш: шаффофлик ва қулайликка хизмат қилаётган тизимлар
ФОТОРЕПОРТАЖ
“Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган пресс-тур ва матбуот анжуманида соҳада амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнлари, замонавий бошқарув тизимлари ҳамда истеъмолчиларга яратилаётган қулайликлар ҳақида маълумот берилди.
Тадбирда суюлтирилган газ етказиб бериш тизимига жорий этилган “Face ID” ҳамда “E-gaz” дастурлари имкониятлари намойиш этилди. Қайд этилганидек, махсус планшетлар орқали газ етказиб бериш жараёни назорат қилиниб, истеъмолчининг газ олган вақти ва миқдори ҳақидаги маълумотлар автоматик равишда базага киритилмоқда ва SMS-хабарнома тарзида юборилмоқда. Бу эса ноқонуний ва такрорий ажратиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилмоқда.
[gallery-30235]
Пресс-тур давомида журналистлар “ArcGIS HGT онлайн бошқарув” тизими билан ҳам танишди. Ушбу тизим орқали чилангарларнинг кунлик фаолияти, газ тармоқларидаги техник ҳолат ва юзага келиши мумкин бўлган авариявий ҳолатлар назорат қилинаётгани таъкидланди.
Матбуот анжуманида вилоятда газ инфратузилмасини янгилаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Қайд этилишича, 37,65 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 71 та объектда 102,4 километр газ қувурлари реконструкция қилиниб, 4,3 километр янги тармоқлар барпо этилди. Натижада 57 та маҳаллада яшовчи 53 мингдан зиёд аҳолининг газ таъминоти сифати яхшиланди.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА