Газ таъминотида муаммо бўлмайди
Бухоро вилояти Когон туманида 3 минг 180 нафар истеъмолчи суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланади. Ўтган бир ой давомида 2 минг 150 дона маиший газ баллонлари ўз эгаларига етказиб берилган. Жорий йилнинг бугунги кунига қадар эса 415 тонна суюлтирилган газ тарқатилди.
Соҳа ходимлари “Баҳоуддин Нақшбанд” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Пўлотчи” қишлоғида бўлиб, истеъмолчиларга белгиланган режа-графикка мувофиқ 94 дона маиший газ баллонларни тарқатди.
Маълумот ўрнида эслатиб ўтамиз, ушбу маҳалла фуқаролар йиғинида 318 нафар суюлтирилган газ истеъмолчиси яшайди.

– Газ баллонларимизни 30-35 кунга бормай етказиб беришади, – дейди “Баҳоуддин Нақшбанд” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зулфия Табибова. – Бугун бизга берилган қулайлик мушкулимизни осон қилди. Тўловларни махсус карталарда тўлаймиз. Ҳеч қандай муаммо ёки тушунмовчиликлар бўлгани йўқ. Ходимлар фаолиятидан миннатдормиз. Агар қандайдир камчиликлар бўлса ўз вақтида бартараф этишади.
Газ баллонларини тарқатиш давомида соҳа ходимлари ундан хавфсиз фойдаланиш, ўрнатилиш қоидаларига риоя этиш лозимлиги тўғрисида тушунтиришлар бермоқда.
Зариф Комилов, ЎзА