Газ ўғрилари жазоланди
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти Когон тумани суди томонидан судланувчилар А.Ж, Ж.С, М.Ҳ ва А.А.(мақоладаги исм-фамилиялар ўзгартирилган) ларга оид жиноят иши кўрилди.
Судланувчилар М.Ҳ. ва А.А. “Дилдора” МЧЖ раҳбари А.Ж. ҳамда “Осиё Бухоро газ” МЧЖ раҳбари Ж.С. билан тил бириктириб энергоресурсларини ўғирлаш жиноятларини содир этишди.
Хусусан, М.Ҳ. 2022 йил 15 августдан “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминот филиали метрология хизмати бошлиғи вазифасида, А.А. метрология хизмати етакчи муҳандиси вазифасида ишлаб келиб, мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиб, жамият раҳбарлари А.Ж. ва Ж.С. билан олдиндан жиноий тил бириктиришади. Натижада жамиятга қарашли газ қуйиш шохобчаларга келган алоҳида табиий газ қувурининг уланиш нуқтасига ўрнатилган “Автопилот-ПРО” русумли газ ҳисоблаш ускунаси жойлашган хонанинг эшиги тамғаланишини таъминламасдан, газ ҳисоблагич ускунасидаги мавжуд имплюс трубкаси тамғаси газ маҳсулотлари қувурларида ўғирлик қилиш мақсадида ҳеч қандай ҳужжатсиз алмаштирилади. “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятининг жами 26,1 миллиард сўмлик жуда кўп миқдордаги табиий газ ўғирланиб, яширин равишда талон - торож қилинади.
Жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг ҳукмига кўра, А.Ж, Ж.С. 11 йил, А.А. ва М.Ҳ. 9 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Шунингдек, айбланувчилар томонидан 6 миллиард сўм миқдоридаги зарар қопланганлиги инобатга олиниб, қолган 20,1 миллиард сўм зарарни улардан солидар тартибда ундириш белгиланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири