Гандбол: Тошкент халқаро семинарга мезбонлик қилмоқда
Бугун, 22 май куни пойтахтимизда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларида гандбол спорт тури бўйича фаолият юритаётган мураббийлар учун халқаро тоифадаги тренерлик сертификатига эга бўлишга қаратилган ўқув-амалий семинар ўз ишини бошлади.
Маълумки, жорий йил Миср Араб Республикасида бўлиб ўтган Осиё гандбол федерациясининг 25-сонли ҳамда Халқаро гандбол федерациясининг 40-сонли конгресслари қарорларига мувофиқ, 2027 йилдан мусобақаларда фаолият юритадиган мутахассислардан халқаро тоифадаги тренерлик сертификатига эга бўлиш талаби жорий этилмоқда.

Мазкур талабларни амалга ошириш, шунингдек мамлакатимизда фаолият олиб бораётган мураббийларнинг малака ва амалий кўникмаларини халқаро стандартлар даражасига етказиш мақсадида 5 та давлат мутахассислари иштирокида бошланган семинар машғулотлари Халқаро гандбол федерацияси томонидан тавсия этилган юқори малакали мутахассислар томонидан олиб борилмоқда.
Семинар давомида назарий ва амалий машғулотлар, халқаро тренерлик стандартлари бўйича баҳолаш жараёнлари ҳамда сертификатлаштириш ишлари юзасидан назарий ва амалий машғулотлар ўтказилади.

Тошкент семинарида муваффақиятли иштирок этиб, баҳолаш мезонларидан муваффақиятли ўтганларга халқаро тоифадаги тренерлик сертификати тақдим этилади.
28 майга қадар давом этадиган семинар мамлакатимизда гандбол спорт турини янада ривожлантириш, тренерлар салоҳиятини ошириш ва халқаро майдонда рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА