Гамма-активлаштирилган таҳлил марказий лабораториясининг янги биноси фойдаланишга топширилди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖга қарашли Гамма-активлаштирилган таҳлил марказий лабораториясида лабораториянинг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинатида конлардан қазиб олинган маъдан таркибидаги қимматбаҳо ва нодир металларни аниқлашга мўлжалланган геологик намуналар таҳлили Гамма-активлаштирилган таҳлил марказий лабораториясида амалга оширилмоқда. Янги конларнинг ўзлаштирилиши туфайли комбинат бўлинмалари учун бу каби таҳлилларга бўлган эҳтиёж йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Жорий йилда мазкур лаборатория қувватларини кенгайтириш ва асбоб-ускуналарни модернизациялашга қаратилган лойиҳани амалга ошириш ишлари якунланди.

Лабораториянинг янги биноси очилишига бағишлаб ўтказилган тадбирда “НКМК” АЖ Бошқаруви раиси – Бош директори Қувондиқ Санақулов иштирок этиб, бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Тадбирда таъкидлаганидек, Гамма-активлаштирилган таҳлил марказий лабораторияси янги биносининг фойдаланишга топширилиши бу – комбинатнинг технологик мустақиллик ва юқори сифат сари ташлаган навбатдаги қадами ҳамда ишлаб чиқариш тизимининг илмий-аналитик пойдеворини тубдан янгилаш йўлидаги муҳим босқичдир. Шу кунгача лаборатория бундан 50 йил аввал қурилган бинода фаолият олиб бормоқда эди. Қисқа муддат ичида Зарафшон қурилиш бошқармаси, Марказий кон бошқармасининг Таъмирлаш-қурилиш участкаси қурувчилари ҳамда ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатлари билан лабораториянинг замонавий жиҳозланган янги биноси бунёд этилди.

– Гамма-активлаштирилган таҳлил геологик намунадаги олтин мавжудлигини аниқлайди, – дейди “Мурунтов” кони бошлиғи Нуриддин Камолов. – Шунингдек, лабораторияда олиб борилаётган таҳлилларда таркибида олтин кам бўлган маъдан намуналарида олтин билан бирга келадиган кумуш ва бошқа нодир металларни ҳам аниқлаш имкони мавжуд. Намуналарни таҳлил қилишда аниқлик даражаси юқори бўлиши шарт. Ҳозирги вақтда битта намунага 17 сония вақт сарфланиб, бир суткада 13 мингга яқин намуна таҳлил қилинмоқда.
Ушбу лаборатория нафақат комбинат бўлинмаларига, балки Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноaти ва геология вазирлигига қарашли геологик-қидирув экспедицияларига ҳам хизмат кўрсатмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири