Ғалла ўрим-йиғимига расман старт берилди
Боёвут тумани далаларида 2026 йилги ғалла ўрим-йиғим мавсумига расман старт берилди. Пишиб етилган бошоқлар замирида йил давомида қилинган меҳнат ва агротехник тадбирлар натижаси мужассам. Бугунги мавсум эса нафақат ҳосилни йиғиш, балки ҳар бир донни асраб-авайлаш, самарадорлик ва масъулият синовига айланди.
Жорий йилда туманда 11 минг 500 гектар майдонда ғалла етиштирилган бўлиб, ҳосил тўлиқ пишиб етилди. Ҳар бир дала қаторида етиштирувчиларнинг йиллик меҳнати, аграр соҳадаги изчил ислоҳотлар ва фермерларнинг тажрибаси мужассам.

Ўримни уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида туманда 20 та ўрим отряди шакллантирилди. 40 та замонавий ғалла ўриш комбайнлари тўлиқ техник кўрикдан ўтказилиб, ишлаш ҳолатига келтирилди. Барча жараёнлар ҳосилни ўз вақтида, йўқотишларсиз йиғиб олишни таъминлашга қаратилган.

Шу муносабат билан туманда амалий семинар ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимлиги қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари котибияти, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг вилоят бошқармаси, туман ҳокимлиги ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъуллари иштирок этишиб, далалардаги техника ҳолати ва тайёргарлик жараёнларини кўздан кечирдилар.
Амалий мулоқотларда отряд раҳбарлари, механизаторлар, фермерлар ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, ўрим-йиғим мавсумини хавфсиз, тизимли ва самарали ташкил этиш масалаларини муҳокама қилишди. Хусусан, техника ва ёнғин хавфсизлиги ва иш жараёнларини узлуксиз бошқариш бўйича аниқ тавсиялар берилди.

Фермер хўжаликлари раҳбарлари эса мавсумга тайёргарлик, ердан унумли фойдаланиш ва юқори ҳосилдорликка эришиш бўйича ўз тажрибаларини ўртоқлашди.
– Ғалла ўрим-йиғим мавсумини уюшқоқлик билан, энг муҳими, йўқотишларсиз ўтказиш борасида ташкил этилган ушбу семинар биз фермерлар учун катта аҳамиятга эга бўлди. Бу жараён ўтган йилги натижаларни таҳлил қилиш ва янги мавсум режаларини янада пухта белгилаш имконини берди.

Ўтган йил биз учун муҳим тажриба мактаби бўлди. Укам Авазбек Жўраевга тегишли “Зукко-Зиё-Лочин” фермер хўжалигида 103 гектар майдоннинг 60 гектарига буғдойнинг “Аср” нави экилган бўлиб, гектаридан ўртача 65 центнер ҳосил олинди. Шу орқали туман бўйича биринчи бўлиб шартномавий режа ортиғи билан бажарилди. Шунингдек, мен раҳбарлик қилаётган “Санжарбек Жўраев” фермер хўжалиги ҳамда ўғлим бошқарувидаги “Носиржон-Адҳамбек-Санжарбек” фермер хўжалиги майдонларида ҳам ўртача 60 центнердан ҳосил олишга эришдик.
Бу йилги мақсадимиз ҳам аниқ: ғалла ҳосилини исрофсиз, ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш. Шу билан бирга, буғдойдан бўшаган майдонларда такрорий экин сифатида мош экиб, ердан самарали фойдаланиш ва қўшимча даромад манбаларини оширишни режалаштирганмиз, – дейди Боёвут туманидаги 3-Боёвут сув истеъмолчилари уюшмаси раиси, “Санжарбек Жўраев” фермер хўжалиги раҳбари Намоз Жўраев.
Мутасаддилар томонидан мавсум давомида техникадан самарали фойдаланиш, ишларни қатъий режа асосида ташкил этиш ҳамда ҳар бир босқичда хавфсизлик талабларига амал қилиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири