Футбол хабарлари
Ўзбекистон Суперлигаси 3-туридан ўрин олган “Сўғдиёна” ва “Олимпик” жамоалари ўртасидаги ўйин 2:2 ҳисобида якунланди. Шу тариқа, "бўрилар" ушбу дурангдан кейин очколарини 2 тага етказиб олган бўлса, “Олимпик” эса 1 очкони қўлга киритди.

Ушбу турда “Нефтчи” ўз майдонида “Металлург”ни 1:0 ҳисобида енгди ҳамда очколарини 9 тага етказиб олди. “Металлург” эса 2 очко тўплаган ҳолда турни якунлади. Бугун мазкур тур доирасида “Сурхон” – “Андижон”, “Насаф” - “Қизилқум” жамоалари ўзаро рақобатлашади.
***
Саудия чемпионатининг навбатдаги турида “Ал-Аҳли” – “Ан-Наср” учрашуви ўтказилди. Ўйинда Роналду 68-дақиқада пенальтидан гол уриб, ҳисобни очди. Шу тариқа, “Ан-Наср” ушбу ғалабадан сўнг турнир жадвалида 2-ўрнини мустаҳкамлади.
***

Европа конференциялар лигаси чорак финал босқичига қуръа ташланди. Унга кўра, “Астон Вилла” – “Лилль”, “Олимпиакос” – “Фенербахче” ўзаро рақобатлашадиган бўлди. Ушбу жуфтлик ғолиблари ярим финалда ўзаро баҳс олиб бориши белгиланди. Шунингдек, “Виктория” “Фиорентина”га қарши саф тортса, “Брюгге” “ПАОК” билан куч синашади. Мазкур ўйиндаги ғолиблар юқоридаги сингари ўзаро ярим финалда тўқнаш келади.
***

Европа лигасининг чорак финалига ташланган қурьа натижасига кўра, “Милан” – “Рома”, “Ливерпуль” – “Аталанта”, “Байер” – “Вест Хэм”, “Бенфика” – “Марсель” клублари ярим финал йўлланмаси учун куч синашадиган бўлди.
***

Европа чемпионлар лигаси чорак финалига қуръа ташланди. Қуръа натижаларига кўра, мухлислар “Арсенал” – “Бавария”, “Атлетико Мадрид” – “Боруссия Дортмунд”, “Манчестер Сити” – “Реал Мадрид”, “Барселона” –“ПСЖ” қарама-қаршилигига гувоҳ бўлади.
***
“ПСЖ” клуби Англия терма жамоаси ва “Манчестер Юнайтед” ҳужумчиси Маркус Рэшфордни ўз сафига қўшиб олмоқчи.
Париж клуби раҳбарияти англиялик футболчини кейинги ёзда сотиб олишни режа қилган. “ПСЖ” Рэшфордга ҳафталик маоши 585 минг евро бўлган фойдали шартнома таклиф қилади. Маркуснинг "қизил иблислар" билан шартномаси 2028 йилнинг ўрталарига қадар тузилган бўлиб, унинг трансфер нархи 60 миллион еврони ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, Рэшфорд жорий мавсум АПЛнинг 27 учрашувида қатнашиб, 7 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА