Француз тили таълимида янги босқич
Мамлакатимизда хорижий тилларни ўқитиш сифатини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги делегациясининг Францияга амалга оширган ташрифи доирасида эришилган келишувлар нафақат француз тили таълими, балки педагоглар малакасини ошириш, баҳолаш тизимини ривожлантириш ва халқаро сертификатлаш имкониятларини кенгайтиришда янги босқични бошлаб бериши кутилмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримов ҳамда Франциянинг нуфузли “Hachette Livre” нашриёт гуруҳи мутасаддилари ўртасида 2027–2030 йилларга мўлжалланган расмий келишув имзоланди. Унга кўра, 1–11-синф ўқувчилари учун мўлжалланган “Passe-Passe” ва “Imagine” француз тили дарсликлари Ўзбекистон таълим тизими, миллий қадриятлари ва маданий муҳитига мослаштирилади.

Келишувнинг энг аҳамиятли жиҳатларидан бири шундаки, 2027–2028 ўқув йилининг ўзидаёқ 190 мингдан ортиқ дарслик ва иш дафтари мамлакат мактабларига етказиб берилиши режалаштирилган.
1826 йилда ташкил этилган “Hachette Livre” бугунги кунда Франциянинг энг йирик ва дунёнинг етакчи нашриётларидан бири ҳисобланади. Нашриёт 100 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритиб, ҳар йили миллионлаб нусхада таълим адабиётлари ва хорижий тилларни ўқитишга оид ўқув материалларини нашр этади. Бундай тажрибага эга ташкилот билан ҳамкорлик Ўзбекистон таълим тизими учун муҳим аҳамият касб этади.

Ташриф доирасида яна бир муҳим учрашув “France Education International” бош директори Анри Зермак билан бўлиб ўтди. Суҳбат давомида икки томон француз тили таълимини янада ривожлантириш, педагог кадрлар малакасини ошириш, таълим сифати мониторинги ва баҳолаш тизимларини такомиллаштириш, шунингдек, халқаро DELF ва DALF имтиҳонларини Ўзбекистонда кенг жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, француз тили чет тили сифатида ўқитиладиган мактабларга бериладиган “France Education” лейблини кенгайтириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Бу мақом таълим муассасаларининг халқаро талабларга мувофиқ фаолият юритаётганини тасдиқловчи муҳим мезонлардан бири ҳисобланади.
Мутахассислар фикрича, мазкур келишувлар нафақат француз тилини ўқитиш сифатини ошириш, балки ўқувчиларнинг халқаро таълим имкониятларини кенгайтириш, ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш ва Ўзбекистон таълим тизимини жаҳон андозаларига янада яқинлаштиришга хизмат қилади.

Франция билан таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг изчил ривожланиши мамлакатимизда кўп тилли таълим муҳитини шакллантириш, ёшларни глобал билим ва имкониятларга тайёрлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА