Францияда сув учун кураш: ҳамма айбдор қидиряпти
Францияда йилнинг учинчи иссиқ тўлқини бошланди. Мамлакатнинг салмоқли қисми сув танқислиги хавфи билан юзма-юз келган. Рекорд даражадаги ҳарорат ва ёғингарчилик камайиши сув захирасини кескин қисқартириб, маҳаллий ҳокимиятларни чеклов чоралари жорий этишга мажбурлаяпти.
Айни пайт ўнлаб ҳудудда боғ суғориш, машина ювиш ва хусусий бассейнни тўлдириш тақиқланган. Бу қарор ижтимоий тармоқда қизғин баҳс келтириб чиқарди. Фуқаролар кўп сув истеъмол қиладиган маълумот марказлари, жадал суғориладиган экин майдони ва эскирган қувур тармоғини танқид қилмоқда. Айримлар аҳолидан тежамкорлик талаб қилиниб, беҳисоб истеъмолчилар учун имтиёз сақланиб қолаётганини “катта ҳазил” деб атаган.
Мутахассислар вазият ортида нафақат қурғоқчилик, балки иқлим ўзгариши турганини таъкидламоқда. Июнь ойида кузатилган кучли иссиқ оқибатида 2000 дан кўп ноодатий ўлим қайд этилди. Олимлар бундай ҳарорат ярим аср аввал, деярли, кузатилмаслиги, ҳозирги фавқулодда иссиқлик эса глобал иқлим ўзгаришининг яққол оқибати эканини айтмоқда.

Қурғоқчиликнинг иқтисодий таъсири ҳам кучаймоқда. Мамлакатдаги энг кўп сув талаб этадиган экинлардан бири ҳисобланган маккажўхори ҳосили жиддий зарар кўрган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, юқори ҳарорат ва ёмғир етишмаслиги туфайли ҳосилнинг қарийб учдан бир қисми бой берилиши мумкин. Шу билан бирга, айрим атом электр станциялари дарёдаги сув ҳарорати кўтарилиши сабабли, ишини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлди.
Расмий маълумотга кўра, мамлакатнинг 96 материк ҳудудидан 84 тасида сувдан фойдаланиш бўйича турли чеклов амал қилмоқда. Ер ости сув захирасининг 77 фоизида пасайиш қайд этилган. Синоптиклар яқин ҳафталарда салмоқли ёғингарчилик кутилмаётганини билдирган. Шу боис Франция нафақат навбатдаги иссиқ ёз, балки сув ресурсларини сақлаб қолиш бўйича муҳим синовни ҳам бошдан кечирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА