"Фоизсиз кредит" ваъда қилган фирибгарлар фош этилди
Сўнгги вақтларда интернет тармоқларида фуқароларга фоизсиз ёки жуда кам фоизли кредит олиб беришни ваъда қилиб, уларнинг ишончидан фойдаланаётган фирибгарлар сони ортиб бормоқда. Бундай шахслар турли ваъдалар, ишонтириш ва психологик таъсир усуллари орқали фуқароларни ўз домига илинтирмоқда.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ана шундай усулда фаолият юритиб келган жиноий гуруҳ фош этилди.
Аниқланишича, жиноий гуруҳ аъзолари интернет тармоқларида “фоизсиз кредит олиб берамиз” мазмунидаги турли эълонларни жойлаштирган. Эълонларга қизиқиш билдирган фуқаролар эса олдиндан ижарага олинган, ташқи кўриниши ва жиҳозланиши билан ишонч уйғотувчи офисларга таклиф қилинган. Шундан сўнг уларга ўз номига кредит расмийлаштириб бериш таклиф этилган. Фуқароларни ишонтириш мақсадида кредитнинг ойлик тўловларини гуруҳ аъзолари ўзлари амалга оширишини, шунинг учун кредит олувчига ҳеч қандай муаммо туғилмаслигини ваъда қилишган.

Жумладан, фуқароларга: “Сизнинг номингизга 100 миллион сўм кредит олиб берамиз. Унинг 50 миллион сўми сизга берилади, қолган 50 миллион сўми эса компанияда қолади. Кредитнинг ойлик тўловларини ўзимиз тўлаб борамиз, сизга ҳеч қандай муаммо бўлмайди”, – дея ишонтирилган.
Ушбу ваъдаларга ишонган фуқаролар ўз телефонлари орқали кредит расмийлаштириш жараёнини амалга оширган. Кредит маблағлари ажратилганидан сўнг эса унинг ярми жиноий гуруҳ аъзолари томонидан қўлга киритилган.
Тезкор-қидирув тадбирлари давомида аниқланишича, шу тариқа 400 нафардан ортиқ фуқаронинг номига кредитлар расмийлаштирилган. Натижада ажратилган маблағларнинг тенг ярми фирибгарлар томонидан ўзлаштирилган. Бу маблағларнинг умумий миқдори қарийб 17 миллиард сўмни ташкил этган.
Орадан маълум вақт ўтгач, кредит тўловлари амалга оширилмагани сабабли фуқароларга банклар томонидан кредит қарздорлигини ундириш бўйича талабномалар юборила бошлаган. Шундан сўнг улар ўз номига расмийлаштирилган кредитлар бўйича қарздор бўлиб қолганини англаган. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди.
Терговга қадар текширув ва тезкор тадбирлар давомида жиноий гуруҳнинг 6 нафар аъзоси гумонланувчи тариқасида ушланиб, қамоққа олинган. Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва жиноий гуруҳнинг бошқа эҳтимолий жиноий қилмишларини аниқлаш бўйича зарур процессуал тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мутахассислар фуқароларни интернетдаги “осон”, “фоизсиз” ёки “кафолатланган кредит” ҳақидаги шубҳали таклифларга ишонмасликка, шахсий маълумотлар ва банк иловалари орқали амалга ошириладиган операцияларда эҳтиёткор бўлишга чақиради.
А.Мусаев, ЎзА мухбири