Фирибгарлик жинояти: суд амалиёти ва муаммолар
Бугунги кунда Фарғона вилоятида фирибгарлик, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш жиноятлари кўп кузатилмоқда. Одамлар фирибгарларнинг гапларига дарров чув тушиб, алданиб қолмоқда.
Айниқса, кейинги вақтларда фирибгарлик йўли билан бировларнинг мулкини қўлга киритиш ҳолатлари кўпайиб, уларнинг содир этиш усуллари ҳам турлича бўла бошлади. Вилоят судлари томонидан 2022 йилда фирибгарлик билан боғлиқ 2 минг 11 шахсга нисбатан 2 минг 275 та жиноят иши кўрилган. Жорий йилнинг 8 ойида эса 1 минг 42 та жиноят иши кўриб тамомланган.
Ҳозир мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ қилмишлар орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш тариқасидаги жиноятлар ўсиши тенденцияси кузатилмоқда. 2023 йил 23 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Хўш, бунда қандай янгиликлар ва ўзгаришлар бор? Вилоят суди томонидан вилоят ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 23 июндаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорини амалиётда қўллаш, бу борада тергов сифатини янада яхшилаш масалаларига бағишланган ўқув-семинарда ана шу жиҳатлар ҳақида маълумот берилди.
Прокуратура ва ички ишлар органлари терговчилари иштирокида видеоконференц-алоқа шаклида ташкил этилган тадбирда вилоят судининг раиси Акром Ўтаев, вилоят суди раисининг ўринбосари Бобохон Ваҳобов, вилоят судининг судьяси Бегзод Ҳайдаров мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, ўтган даврда тергов ва суриштирув органи томонидан йўл қўйилган айрим камчиликлар хусусида сўз юритди.
Фирибгарлик билан боғлиқ жиноят ишларини судларда кўришда шахснинг ҳаракатларига қонуний ва асосли баҳо бериш, қилмишни тўғри квалификация қилиш, жиноят таркиби ҳамда фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар ўртасидаги фарқни аниқлаш бўйича ягона суд амалиётини йўлга қўйишда ходимларнинг билимларини мустаҳкамлаш тергов сифатини янада оширишга хизмат қилади. Мазкур мулоқотда суд-тергов амалиётидаги муаммолар ва уларнинг ечимига алоҳида эътибор қаратилди.
М.Сулаймонов, ЎзА